Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 460-сон қарори билан «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон аккредитация маркази давлат муассасаси тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низом «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасасининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифа ва функциялари, ҳуқуқлари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ҳужжатга мувофиқ, мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш Марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Шунингдек, Аккредитация маркази халқаро ва миллий аккредитация органлари билан фаол ҳамкорлик қилади. Соҳага халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш ҳам унинг асосий вазифалари қаторига киритилди.

Марказга қандай ҳуқуқлар берилди?

Низом билан Аккредитация марказига ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун қатор ҳуқуқлар берилган.

Жумладан, Марказ ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириши мумкин.

Шунингдек, Марказ ўз ваколати доирасидаги масалалар бўйича зарур статистик ахборотларни статистика органларидан бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Директор Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади

Аккредитация маркази фаолиятига директор раҳбарлик қилади.

Низомга кўра, Марказ директори Ўзбекистон Президенти администрацияси билан белгиланган тартибда келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Янги низом шу тариқа Аккредитация марказининг давлат бошқаруви тизимидаги мақоми, ваколатлари ва бошқарув механизмини белгилаб берди.