Ўзбекистон | 08:38 / 14.04.2021
2707
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон инновацион тизимини модернизация қилишга 50 млн доллар ажратилади

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳани молиялаштириш учун Жаҳон банки томонидан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 50 млн АҚШ доллари эквивалентида кредити ажратилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Лойиҳа 2021–2026 йилларда амалга оширилади, бунда маблағлар 30 йил муддатга, 5 йил имтиёзли давр билан берилади.

Лойиҳани амалга ошириш гуруҳини ташкил қилиш, зарур асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда хорижий консультантларни жалб қилиш учун Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида алоҳида имзоланадиган бўнак келишуви доирасида 1,9 млн АҚШ доллари эквивалентида қарз ажратилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги лойиҳа ўз вақтида амалга оширилишини мувофиқлаштириш, шунингдек Халқаро тараққиёт жамғармаси қарзларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ҳисобланади.

Маблағлар биотехнологияларни ривожлантириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сунъий интеллектни жорий этиш, қайта тикланувчи энергетика, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан ажратиладиган қарзларни қайтариш, фоиз ва хизмат кўрсатиш ҳамда мажбуриятлар учун воситачилик ҳақи бўйича тўловларни амалга ошириш Ўзбекистон республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

«Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича қуйидагилар тасдиқланди:

  • лойиҳа асосий параметрлари;
  • лойиҳа маблағларидан фойдаланиш схемаси;
  • Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан ажратиладиган қарзларни қайтариш, фоиз ва хизмат кўрсатиш ҳамда мажбуриятлар учун воситачилик ҳақи бўйича тўловларни амалга ошириш прогноз жадвали.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид