Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Британия Киев билан бирдамлик ифодаси сифатида Қора денгизга кемаларини юборади
Британиянинг икки ҳарбий кемаси Украина ва Россия муносабатларидаги кескинлик фонида Қора денгиз томон йўлга чиқади. Бу ҳақда ҳарбий-денгиз кучларидаги манбасига асосланган ҳолда Sunday Times хабар тарқатди. Аввалроқ АҚШнинг ушбу ҳудудга йўл олган кемалари кескинлик юмшаши учун йўналишини ўзгартирганди. Вашингтон ва Европа давлатлари россиялик ҳарбийлар Украина чегаралари яқинида тўпланганидан ташвишга тушган.
«Президент Байден инқирозни чуқурлаштиришдан хавфсираб Қора денгизга Американинг икки кемасини юбориш фикридан қайтишидан кейин британ кемалари Украина қирғоқларига юборилиши Киев ва НАТО бўйича иттифоқчилар билан бирдамликни намойиш этиш ифодасидир», - дея ёзади газета.
Нашр суҳбатдошининг маълумотига кўра, икки кема - зенит ракеталари билан қуролланган 45 типидаги эсминец ва сувости кемаларига қарши курашга ихтисослашган 23 типидаги фрегат - Ўрта Ер денгизидаги қироллик ҳарбий-денгиз флотининг авиаташувчилар гуруҳидан ажралиб чиқади ва Босфор орқали Қора денгизга ўтиш учун йўл олади.
Гуруҳдаги етакчи кема - HMS Queen Elizabeth авиаташувчиси Босфор бўғозидан ўта олмайди, аммо вазиятдан келиб чиққан ҳолда ёрдам кўрсатишга тайёр туради. Унинг бортида F-35 русумли қирувчи-бомбардимончилар ва Merlin вертолётлари жой олган. Буюк Британия мудофаа вазирлиги вакили газетага берган интервьюсида британ ҳукумати Украина билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани ва Россияни кескинликни юмшатишга чақиришда давом этаётганини айтиб ўтган.
АҚШ Қора денгизга кирмаганди
Пайшанба куни АҚШ Украина ва Россия зиддияти кескинлашмаслиги учун ўз эсминецларини Қора денгизга юбориш режасидан воз кечгани маълум бўлганди. Бу ҳақда Politico нашри ўз манбасига асосланган ҳолда хабар берганди. Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Пентагон «кераксиз эскалациядан қочиш» учун кемаларни Қора денгизга олиб кириш қарорини қайтариб олган.
Шу билан бирга, Politico нашрининг бошқа бир манбаси америкаликларнинг кемаларини Қора денгизга юбориш Россия ҳукуматига сигнал юбориш бўлмагани, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳар йили 7-8 марта шундай қайта жойлаштиришларни амалга ошириб туришини қайд этиб ўтган. Бу юриш бир неча сабаблар билан, шу жумладан, «Москва буни провокация сифатида қабул қилмаслиги учун» бекор қилинган.
Туркия ҳукумати Америка томони уларни ўз кемалари Босфор орқали Қора денгизга ўтиши бекор бўлганидан хабардор қилганини маълум қилган. Reuters дипломатик манбасига асосланган ҳолда Туркия АҚШни нотўғри тушунган бўлиши мумкинлиги, чунки кемаларни юбориш режаси бўлмагани ҳақида ёзди.
Агентлик манбасининг изоҳлашича, Вашингтон тез-тез Босфор орқали сузишга рухсат сўраб туради, аммо бундай сўровлар миссия чиндан ҳам амалга оширилишини англатмайди.
Ўз навбатида, РИА Новости Туркия ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига асосланиб хабар беришича, америкаликларнинг эсминецлари Қора денгизга 14-15 апрел кунлари кириши керак бўлгани ва бу ерда 4-5 майга қадар қолиши режалаштирилгани ҳақида хабар тарқатди. Оқ уйдагилар бу маълумотни тасдиқламади ҳам, рад этмади ҳам. Пентагон вакили Жон Кирби АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларини Қора денгизга юбориш - доимий амалиёт эканини қайд этиб ўтди.
«Британия флотининг миссияси Украина атрофидаги вазият кескинлашишидан олдин режалаштирилганди ва АҚШнинг қарори авиаташувчилар гуруҳининг 2021 йилги режаларига таъсир қилмайди», дея Британия ҳарбий-денгиз кучларидаги манбасига асосланган ҳолда ёзган Sunday Times.
Апрел ойи бошидан АҚШ ва Европа мамлакатлари россиялик ҳарбийлар Украина билан чегаралар яқинига жойлаштирилаётганидан хавотирларини билдира бошлашди. Киевдагиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, украин чегаралари бўйлаб 110 минг нафар россиялик ҳарбий жойлаштирилган.
13 апрел куни АҚШ ва Россия президентларининг телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Оқ уй Байден ва Владимир Путин стратегик барқарорлик ва минтақавий масалаларни муҳокама қилгани ҳақида маълум қилди. Хусусан, Байден россиялик ҳарбийлар Украина чегаралари томон сурилганидан хавотирини билдирган ва Москвани Киев билан муносабатлардаги кескинликни юмшатишга чақирган.
Байден яқин ойлар ичида учинчи мамлакат ҳудудида Путин билан учрашув ўтказиш таклифини берган. Оқ уйдагилар саммит ўтказиш таклифи Россияга қарши қўлланиши режалаштирилган санкцияларга таъсир қилмаслигини таъкидлаган. Россияга қарши жорий этиладиган санкциялар ҳақида пайшанба куни эълон қилинганди.
Оқ уйнинг баҳоларига кўра, Россиянинг Украина билан чегара ҳудудидаги ҳарбийлари сони 2014 йилдан буён энг юқори даражага чиққан. Кремль Россия ўз ҳудудида ўз қўшинларини ҳаракатга келтираётганини ва «бу ҳеч кимни безовта қилмаслиги кераклиги, қўшин ҳеч кимга таҳдид солмаслиги»ни маълум қилди.
Ҳозирда Қора денгизга Босфор орқали Россиянинг бошқа денгизлардаги кемалари ҳам олиб ўтилмоқда. «Интерфакс» бўғоздаги суратларни эълон қилган Истанбулдаги сайтларга асосланиб хабар беришича, Россия Шимолий флотининг иккита катта десант кемаси шу кунларда Қора денгизга кирган. Агентликнинг қўшимча қилишича, Болтиқ флоти таркибига кирувчи яна иккита катта кема Севастополь йўналишида ҳаракатланмоқда. Каспий флотилиясидаги 15 кема ҳам ўқув машғулотларида иштирок этиш учун Қора денгиз томон йўл олган.
Украина президенти Владимир Зеленский Россия қўшинларининг умумий чегара бўйлаб жойлашуви туфайли юзага келган кескинликни юмшатиш учун Путин иштирокида тўрт томонлама музокаралар ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Парижда ташриф билан бўлиб турган Зеленский тинчлик музокаралари иложсиз нарса эмаслигини қайд этган.
Мавзуга оид
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
20:34 / 19.06.2026
Капотнядаги заводга Россия ракетаси тушгани маълум қилинди
18:17 / 19.06.2026
Соловёв дронлар ҳужумини тасвирга олганларни қамашни талаб қилди
08:58 / 19.06.2026