Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритгани, бунга Кушербаевнинг «Human.uz» ахборот порталидаги «Сўз блогерларга» кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган сўзлари сабаб бўлгани тўғрисида хабар тарқатди.
Қўмита хабарида депутат солиқ органларига 4,6 миллиард сўмлик маънавий зарар етказгани таъкидланган.
ДСҚнинг ушбу ҳаракатларига нисбатан жамоатчилик фаоллари ўз муносабатларини билдиришди.
Иқтисодчи Юлий Юсупов Kun.uz билан суҳбатда ҳолатни ғалати деб таърифлади. Гарчи у Солиқ қўмитасини «обнал иши» бўйича танқид қилган бўлса-да, қўмита уни судга бермаганини, миллиардлаб товон талаб қилмаганини таъкидлади. У «обнал иши» юзасидан Kun.uz'га ўз фикрларини баён қилиб, қўмитанинг ҳаракатларини соғлом фикр ва қонунни мазах қилиш деб атаганди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров «Солиқ қўмитаси Кушербаевни 4,6 млрд сўмга баҳолабди», дея фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, қонунчиликда юридик шахсларни ҳақорат қилиш деган классификация йўқ.
«Дарвоқе, ҳақорат борасида. Бизда ҳокимлар, вазирлар фуқароларни аниқ номи ва исмини айтиб ҳақорат қилади. Бизда МИБ раҳбари ходимларининг аниқ номи ва исмини айтиб ҳақорат қилади. Лекин бирор марта бирор бир вазир, ҳоким ёки раҳбарга маънавий зарар ундиришни сўраб бирор сўмлик даъво қўзғатилганини эслай олмайман. Демак, Кушербаев хафа бўлмаса бўлаверади, уни 4,6 млрд сўмга баҳолашибди. Исталган нормал суд бу абсурд даъвони чилпарчин қилиб ташлашига ишончим комил», – деб ёзди иқтисодчи.
Депутат Дониёр Ғаниев «ДСҚнинг ушбу ишидан мақсад 26 апрел куни суд «обнал иши» бўйича солиқ қўмитасининг ҳаракатини ноқонуний деб топгани борасидаги хабардан жамоатчиликни чалғитишми?» деган саволни ўртага ташлади.
«Тадбиркорларнинг ДСҚга қарши даъволарини кўриб чиқаётган қолган маъмурий суд судьяларига Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси каби одил ва жасоратли бўлишларини тилаб қоламан. «Обнал иши»да ютқазган ДСҚ аламини Расул Кушербаевдан олмоқчи кўринади. Ёки ҚҚС ишида ютқaзгани ҳақидаги хабарлардан жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун ДСҚ шу йўлни ўйлаб топдими?» – деб








