— Рамазон ойида рўзадорлар учун овқатланиш худди бир маҳал камайгандек бўлади, яъни саҳарлик ва ифторлик қилади, лекин тушлик қилмайди. Уламолар тушлик вақтида ейилмаган овқатни саҳарлик ва ифторликка «сочиб» юбориш нотўғри эканини айтишади. Ўша бир маҳал таомдан воз кечиш керак. Эрталаб саҳарликка одатий кунлардаги нонушта сингари, ифторликка эса одатдаги кечки овқат каби қаралиши керак. Ана ўша рўза том маънода «ўзининг иши»ни қилади.
Бизда кўп одамлар саҳарлик вақтида жуда кўп овқат еб олишади, кейин кун бўйи безовта бўлиб, ётиб ёки ухлаб юради. Саҳарликка майли, захира йиғиб олмоқчи бўлгандир. Лекин ифторликда суюқ, қуюқ овқатлар қўйилади, жуда оч қолган одам каби дастурхон тузалади ва кўп еб қўйилади. Натижада меъёрдан ортиқ овқатланиш танага зарар бўлади.
Ҳадисларда келади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳарлик ва ифторликда бир неча дона хурмо еганлар. Нон ҳам еганлар, лекин жуда ҳам кам.

Ифторлик ва саҳарликларда зиёфатга, маишатхўрликка берилиб кетиш яхши эмас. Бунда рўзадан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди ва Аллоҳга нисбатан беодоблик ҳам бор. Очофатларча овқат еса «кундуз куни ейиш тақиқланган бўлса, биз ҳозир еб оламиз» ёки «рўза тутаман деб оч қолиб кетдим» деган норозилик бўлиши мумкин. Шунинг учун ифторлик ва саҳарликларда одатдагидек битта таом ейилиши керак, ўртадаги тушлик таоми тушиб қолади.
Бизда ифторлик зиёфатларига икки-учталаб овқат қилишади, кейин худди емаса гуноҳкор бўладигандек ҳаммасини ейишади. Кейин инсон таровиҳга боролмайди, борса ҳам пишиллаб туради, беҳаловат бўлади. Бу ислом одобларига зид, биз уларни гуноҳкор дея олмаймиз, лекин булар Расулуллоҳ алайҳиссалом, саҳобалар ва улардан кейинги солиҳларнинг тутумларига зид.
Рамазон – берилиб ибодат қиладиган ой. Бу ойда жуда кўп фазилатлар бор, булардан фойдаланиш учун овқатни сал камайтириш керак. Бу ибодатни ҳаловат билан қилишга имкон беради.
— Ифторлик вақтида оғиз очиш учун айнан бирор маҳсулотни хослаб олиш қанчалик тўғри?
— Пайғамбаримиз алайҳиссалом ифторликда хурмо бўлса, аввал уни ердилар. Агар хурмо топилмаса, сув ичардилар. Биз ҳам агар қодир бўлсак, шундай қилганимиз яхши, лекин бу хурмо ва сув билан оғизни очиш суннат деган маънода эмас, балки бу тавсиявий суннат ҳисобланади. Расулуллоҳ шундай қилган экан, шу маҳсулотлар билан оғиз очсангиз, савоб бор, лекин бошқа нарса билан ифторликни бошласангиз ҳам ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди.













