Ўзбекистон | 07:57 / 05.05.2021
2116
3 дақиқада ўқилади

Товарлар штрих коди маҳсулотларнинг унификациялашган номига боғлаб қўйилади

 Вазирлар Маҳкамаси “Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон расмийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат президентнинг "Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 30 октябрдаги фармонига мувофиқ қабул қилинган.

Қарор билан Давлат солиқ қўмитасининг бирламчи бухгалтерия ҳужжатларида маҳсулотлар (товар ва хизматлар) унификациялашган номларидан фойдаланиш, шу жумладан, товарлар штрих кодларини маҳсулотларнинг унификациялашган номларига босқичма-босқич автоматик равишда боғлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги;
  • тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом.

Қарор билан 2021 йил 1 июндан бошлаб, тажриба тариқасида қуйидаги тартибларни жорий этиш назарда тутилмоқда:

  • ягона электрон шартномалар ахборот порталида тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни ихтиёрий равишда электрон рўйхатдан ўтказиш;
  • шартномалар порталида рўйхатдан ўтган шартномалар асосида маҳсулотлар (товар ва хизматлар) номлари ва идентификациялаш кодларини ҳисобварақ-фактураларда автоматлаштирилган тарзда акс эттириш;
  • товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон ҳужжат айланиш тизими операторлари ахборот тизими орқали шартнома ёки онлайн оферта асосида расмийлаштириш.

ДСҚга 2021 йил 1 сентябрга қадар тажриба натижалари бўйича тадбиркорлик субъектлари таклифларини инобатга олган ҳолда, ушбу тартибларни такомиллаштириш ҳамда идентификациялаш ва штрих кодлари ҳисобварақ-фактураларда қасддан нотўғри акс эттирилиши бўйича жавобгарликни кучайтириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги "Янги технологиялар" илмий-ахборот маркази" давлат унитар корхонаси каталог ва шартномалар порталини юритиш оператори этиб белгиланди ҳамда унга заруратга кўра, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди.

ДСҚга қуйидагиларни таъминлаш топширилди:

  • бир ой муддатда каталогнинг ДСҚ сайтида жойлаштирилишини ва маълумотлар келгусида доимий янгиланиб боришини;
  • 2 ой муддатда шартномалар портали ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграцион платформасига уланишини;
  • 2 ой муддатда маҳсулотлар штрих кодларини кўрсатиш орқали маҳсулотлар (товар ва хизматлар) унификациялашган номлари ва идентификациялаш кодларини аниқлаш имконини берувчи интерактив хизмат жорий этилиши ва ЯИДХПга интеграция қилинишини;
  • 3 ой муддатда онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимига маҳсулотлар (товар ва хизматлар) унификациялашган номлари ва идентификациялаш кодлари интеграция қилинишини.

Шунингдек, ДСҚга икки ҳафта муддатда маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини юритиш тартибини тасдиқлаш топширилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид