Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш тест синовларидаги натижалари яхшиланган.

Хусусан, битирувчиларнинг тест синовларидаги сифат кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан 11 баллга ошган.

Ҳудудлар кесимида тест синовларида тўпланган ўртача балл бўйича Навоий вилояти энг юқори натижани қайд этган. Вилоят мактаблари битирувчиларининг ўртача натижаси 112,8 баллни ташкил қилган.

Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган мактаб битирувчилари сони сўнгги уч йил давомида 3,5 фоизга ошган.

ОТМга кириш бўйича Навоий вилояти етакчи

Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича ҳам Навоий вилояти биринчи ўринни эгаллаган.

Навоий вилояти мактаблари битирувчиларининг 52,5 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Кейинги ўринларни Бухоро ва Жиззах вилоятлари эгаллаган. Бухоро вилоятида бу кўрсаткич 37,9 фоизни, Жиззах вилоятида эса 35,9 фоизни ташкил этган.

Яна бир сезиларли ўзгариш максимал натижа қайд этган битирувчилар сонида кузатилган.

Жорий йилда 4 825 нафар мактаб битирувчиси тест синовларида энг юқори — 189 баллни қўлга киритган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 8 баробар кўп.

2026-2027 ўқув йили қабули учун абитуриентларга жами бешта фан бўйича 90 та тест топшириғи берилган бўлиб, улардан тўплаш мумкин бўлган максимал натижа 189 балл этиб белгиланган.