Ўзбекистон | 08:50 / 28.05.2021
1721
2 дақиқада ўқилади

Танқидий мақоладан кейин Чинортепа кўчасида амалий ишлар бошлаб юборилди

Эълон қилинган лавҳа ортидан "Қийқи" маҳалласида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Kun.uz сайтида "Қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб келишяпти — Қўштепадаги "Қийқи" маҳалласи муаммолари қачон ҳал бўлади?" сарлавҳа остида танқидий мақола эълон қилинган бўлиб, унда «Қийқи» МФЙ Чинортепа кўчасидан йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолари баён қилинган эди. 

Мақолада ичимлик суви, чириб битган столба ҳамда ички йўллар ҳолати танқид остига олинган эди. 

“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳудуддаги мавжуд электр таъминотига оид муаммоларни тезкорлик билан ижобий ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида жамият раҳбарияти томонидан ишчи гуруҳ тузилган.

Маҳаллага 15 га яқин янги темир-бетон таянчлари олиб келиниб, уларни ўрнатиш ишлари бошланган.

Шунингдек, мурожаатчиларнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, маҳаллага ичимлик сувини тортиш учун амалий ишлар бошлаб юборилган.

Аввалроқ,  Фурқат тумани Янги қишлоқдаги катта йўл бўйига ўрнатилган таянчлар “хизматини ўтаб” эгилиб қолгани сабабли йўлдан ўтаётган транспорт ва фуқаролар учун хавф туғдираётганлиги ҳақида лавҳа берилган эди. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид