Фарғонада 100 нафардан ортиқ боланинг оммавий заҳарланишига оид жиноят иши юзасидан 4 киши жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Жиноят иши доирасида Фарғона ва Қувасой шаҳарларидаги давлат боғчаларига кейтеринг асосида овқат етказиб бериш билан шуғулланган “Garden catering trade” МЧЖнинг раҳбари, директори, технологи ва ҳисобчиси судланган. Улар болаларнинг оммавий заҳарланишига сабаб бўлган қилмишдан ташқари ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятларни содир этишда ҳам айбли деб топилган.
Айблов
Суд ҳукмида келтирилишича, “Garden catering trade” МЧЖ мансабдорлари кунлик тузилган таомномаларда бола сонини асоссиз сунъий кўпайтириб кўрсатиб, бу ҳақида сохта ҳисоботлар шакллантирган ҳолда тўловга тақдим этиш орқали 330,8 млн сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Шунингдек, улар тарбияланувчилар белгиланган меъёр бўйича истеъмол қилиши керак бўлган 79 млн 853 минг сўмлик 1 270 кг сариёғ, 183,5 млн сўмлик 2 447 кг гўшт маҳсулотлари гўёки болаларга тўлиқ берилгани ҳақида сохта маълумотлар киритган. Сўнгра жами 263 млн сўмни тўловга тақдим этиб, 594 млн сўм бюджет маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
МЧЖ томонидан 35 млн сўмлик электр энергияси ҳам яширин равишда талон-торож қилиниб, Қувасой шаҳар электр таъминоти корхонаси манфаатларига 105,8 млн сўм зарар етказилган.
Бундан ташқари, МЧЖ тайёр биринчи ва иккинчи таомларнинг плитада сақланиш вақти 2 соатдан ошмаслиги ҳамда таомлар қайта иситишга этилмаслиги каби мажбуриятларни бажармасдан, 2026 йил 20 февралда Фарғона шаҳридаги боғчаларга сифатсиз гўштли дўлма овқатини етказиб берган. Бунинг оқибатида 2026 йил 21 феврал куни 105 нафар боғча боласи оммавий заҳарланган.
Қолаверса, МЧЖ мансабдорлари Қувасой шаҳар мактабгача ва мактаб таълим бўлимига қарашли 22 та боғчага 2025 йил июлда тузилган таомномаларда 30 фоизгача бўлган устама маблағларини ортиқча киритиб, бу ҳақида сохта ҳисоботлар тузган ва тўловга тақдим этган. Бунинг ортидан 171 млн сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.
Шунингдек, 2025 йил август ойида Марғилон, Қувасой, Фарғона шаҳарлари ҳамда Фарғона ва Қува туманларидаги 35 та боғчага етказиб берилган 53,4 млн сўмлик тайёр овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз, деб топилиб, жамиятга қайтариб юборилган. Бироқ ушбу маҳсулотлар тарбияланувчиларга етказиб берилгани ҳақидаги сохта ҳисоботлар тузилиб, тўловга тақдим этилган.

















