Жамият | 17:08 / 03.06.2021
2908
2 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги газ қуйиш шохобчасида кичик юк машинаси ёниб кетди

Жиззах шаҳридаги автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасида кичик юк машинаси ҳайдовчиси газ қуйиш шлангини узмасдан ҳаракатланган. Оқибатда ёнғин келиб чиқиб, машина тўлиқ ёниб кетган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 30 май куни соат тахминан 9:00 да Жиззах шаҳри Зилол маҳалласи ҳудудида жойлашган Trans energo oil МЧЖ га қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасида кичик юк автомашинасида ёнғин юзага келган.

Жиззах шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган ҳайдовчи «Донг фенг» русумли кичик юк машинасига газ тўлдириш вақтида машинага уланган газ шлангини узмасдан ҳаракатланган. Оқибатда ёнғин келиб чиқиб, машина тўлиқ ёниб кетган ва яроқсиз ҳолга келган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса туфайли ҳеч ким жароҳат олмаган. Машина эса яроқсиз аҳволга келган. Ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Жиззах шаҳар ИИО ФМБ ҳамда вилоят ФВБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид