Жаҳон | 08:33 / 12.06.2021
10387
2 дақиқада ўқилади

Тесла хитойлик блогерларни кечирим сўрашга мажбур қилди

Хитойлик блогерлар Tesla машиналари носозликлари ҳақидаги хабарлари учун компания раҳбариятини судга шикоят қилиш билан уларни қўрқитмоқчи бўлаётганликда айблади.

Financial Times нашрининг хабар беришича, июнда Tesla Weibo ижтимоий тармоғида Хитойдаги юридик хизмати аккаунтини яратган. Бир неча маҳаллий блогерларга бўҳтон қилганлари учун уларга қарши судга даъво аризалари берилиши мумкинлиги ҳақидаги мактублар келган. Бундай огоҳлантиришдан кейин камида икки блогер компания автомобилларидаги муаммолар ҳақида айтган сўзлари учун кечирим сўрашган.   

Tesla учун Хитой бозори асосийлардан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг 1-чорагига кўра, компаниянинг Хитойдаги тушуми 3 млрд долларни, яъни бутун дунё бўйича тушумининг 30 фоизини ташкил этган. Охирги вақтда Tesla Хитойда тобора кўпроқ танқид қилинмоқда: кўпчилик компания автомобиллари носозликлари ва муаммолари ҳақида маълум қилишмоқда. Мисол учун, мижозларни электромобиллар бошқарувидаги носозликлар ва батареялар алангаланиши ташвишлантирмоқда.

Хитойнинг мутасадди идоралари шундай шикоятлардан кейин Tesla вакилларини компания автомобиллари хавфсизлиги ва сифати борасида суҳбатга чақирган. Tesla’га машиналар бошқарувини яхшилаш ҳамда Хитой қонунларига амал қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таклиф қилинган.

Хитойда компания маҳсулотларига буюртмалар ҳажми май ойида жиддий қисқариб кетди. Tesla’нинг Хитойда май ойидаги буюртмалари сони 9800тани ташкил қилган, ваҳоланки апрелда бу кўрсаткич 18 мингдан кўпроққа етган.

Мавзуга оид