DW нашри Япониядаги фалокат Германиянинг энергетика сиёсатида туб бурилиш ясагани ҳақидаги тарихни эслади.

10 йил муқаддам, 2011 йилнинг 9 июнида Германия ҳукумати асрий қарор қабул қилди – атом энергетикасидан тўлиқ воз кечиш. Германия канцлери Ангела Меркель бундестагда чиқиш қилиб, 2022 йилгача атом энергиясидан тўла воз кечиш ҳақидаги беш босқичли режани маълум қилди. У атом энергетикасидан воз кечиш ҳақидаги қарорни «Геракл қадами» деб атаркан, Германия «келажак электр энергияси» томон катта қадам ташлаган дунёдаги илк ривожланган саноат мамлакати бўлишига ишонч билдирганди.

Германиянинг энергетика сиёсати кескин бурилиш қилишига Япониянинг «Фукусима-1» атом электрстанциясидаги авария сабаб бўлган: канцлер бу ҳалокатни «дунё учун бурилиш воқеаси» деб атаганди. «Фукусимадаги авария ядро энергияси билан боғлиқ рискларни назорат қилиб бўлмаслигини кўрсатди. Буни тан олганлар уни бошқачароқ баҳолашлари керак», дея баёнот берганди Меркель хоним ўшанда.

«Фукусима»даги ҳалокат

2011 йил 11 мартда Япония тарихидаги энг қаттиқ ер силкиниши (9,0 магнитуда) Тинч океанида цунами ҳосил қилганди. Гигант тўлқинлар «Фукусима-1» атом электрстанциясига ёпирилди. Турли қурилмалар, захира генераторлари ва батареялари жойлашган ертўлалар сув билан тўлганди.

Натижада станциядан қувват тўлиғича кетади ва фавқулодда совитиш тизими ишламай қолади. Кейинги кунларда станциянинг олти энергоблокининг учтасидан ядро ёнилғиси сизиб чиқади ва у ерда водород тўпланиб, реакторларда аралаш моддалар портлашларига сабаб бўлади.

1986 йилда «Чернобиль» АЭСда содир бўлган ҳалокатдан кейин дунё ядро энергетикасида бундай кўламдаги авария кузатилмаганди. Фукусима фожиаси Чернобилдагидан фарқли ўлароқ, атом энергетикасининг энг ашаддий тарафдорларини ҳам ўйлашга мажбур қилиб қўйди: Япония юқори хавфсизлик стандартларига эга технологиялар мамлакати эди.

Меркелнинг ядро энергетикасига бўлган ишончи сўнди

«Фукусима»даги аварияга қадар диплом бўйича соҳаси физик-ядрочи бўлган Ангела Меркель ядро энергетикасидан хавфсиз фойдаланиш мумкин деб биларди. 2006 йилда у ўзидан аввалги канцлер бўлмиш социал-демократ Герхард Шрёдернинг 2000 йилда Германиядаги АЭСларни босқичма-босқич ёпиш ҳақидаги қарорини қаттиқ танқид қилганди.