Қайд этиш жоиз, авваллари Ким Чен Ин томонидан Жо Байден маъмурияти билан боғлиқ муносабатлар борасида бундай баёнот берилмаган.

«Давлатимиз шарафини ва мустақил ривожланиш манфаатларини ҳимоя қилиш, тинч муҳит ва Шимолий Кореянинг хавфсизлигини таъминлаш зарур», деди Ким пойтахт Пхенянда бўлиб ўтган Шимолий Корея ишчилар партияси Марказий қўмитаси йиғилишида қилган нутқида.

Ким Шимолий Корея воқеаларнинг ҳар қандай ривожига «дарҳол ва аниқ» жавоб беришини, шунингдек, ўз «диққат-эътиборини Корея ярим оролидаги вазиятни барқарор назорат қилишни таъминлаш»га қаратишини таъкидлади.

Шимолий Корея раҳбари аввалги нутқида мамлакат озиқ-овқат танқислигига дуч келаётганини айтган эди.

Озиқ-овқат танқислиги: 1 килограмм банан 45 доллар

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Меҳнат партияси марказий қўмитаси аъзолари билан учрашувда мамлакатда озиқ-овқат танқислиги мавжудлигини тан олди.

Ким қўмита аъзоларига мурожаат қилиб, ўтган йили тошқинларни келтириб чиқарган тўфонлар туфайли қишлоқ хўжалиги сектори ғалла етиштириш кўрсаткичларига эриша олмаганини айтди.

Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи тез суръатлар билан ўсиб бормоқда.

Шимолий Корея янгиликларини 2010 йилдан бери хориждан (АҚШ, Европа Иттифоқи ва Жанубий Кореядан) кузатиб борган NK News нашри мамлакатда 1 килограмм банан 45 долларга сотилаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Шимолий Корея коронавирус тарқалишига барҳам бериш учун ўз чегараларини ёпганди. Натижада, мамлакатнинг Хитой билан савдоси тўхтаб қолди.

Шимолий Корея озиқ-овқат, ўғит ва ёнилғида Хитойга қарам.

Айни пайтда Шимолий Корея ядровий фаолиятига қўйилган халқаро эмбаргодан ҳам азият чекмоқда.

«Машаққатли йўл»

Апрель ойида Ким Чен Ин аввалги нутқларига сира ўхшамайдиган маърузасида машаққатлар ҳақида гапирганди. «Одамлар дуч келадиган қийинчиликларни бироз бўлса-да енгиллатиш учун» расмийлар «бир-бирларини янада машаққатли юришга ундаши» кераклигини таъкидлаганди. 

«Оғир сафар» тушунчаси илгари ҳам Шимолий Корея тарихида қўлланган.