Корея Халқ Демократик Республикаси 20 сентябр, якшанба куни қисқа масофали иккита баллистик ракетани синовдан ўтказди.
Жанубий Корея Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълумотига кўра, ракеталар Шимолий Кореянинг шарқий соҳилидан Япон денгизи томон учирилган. Икки парвоз орасида қарийб уч соат вақт бўлган.
Биринчи ракета маҳаллий вақт билан соат 15:00 ларда Вонсан шаҳри яқинидан учирилган ва тахминан 450 километр масофани босиб ўтган.
Иккинчи ракета парвози соат 17:50 ларда қайд этилган. У 600 километрдан ортиқ масофага учган.
Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбийлари ракеталарнинг аниқ тури ҳамда техник хусусиятларини белгилаш учун қўшма таҳлил ўтказмоқда.
Япония ҳукумати Шимолий Кореяга қатъий норозилик билдириб, ракеталар учирилишини минтақадаги тинчлик ва хавфсизликка таҳдид деб атади.
Синовлар аввалги парвозлардан саккиз кун ўтиб амалга оширилди. Жанубий Корея ҳарбийлари 12 сентябр куни ҳам Вонсан ҳудудидан Япон денгизи томон бир нечта баллистик ракета учирилганини маълум қилган эди.
Пхенян АЭХА резолюциясини рад этди
Янги ракета синовлари Пхенян ўзини ядро қуролига эга давлат деб яна бир бор эълон қилиб, Атом энергияси халқаро агентлигининг ядровий фаолиятни тўхтатиш ҳақидаги резолюциясини рад этганидан бир неча кун ўтиб ўтказилди.
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон мамлакатнинг ядровий давлат мақоми «мутлақ» эканини айтди. У Пхенян ядровий қуролдан воз кечишига умид қилаётганларни кескин танқид қилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп август ойида Шимолий Кореяда 57 та «жуда кучли» ядровий жанговар каллак борлигини айтган эди.
Жанубий Корея томони эса Пхенян ихтиёридаги ядровий каллаклар сонини 80 тадан 120 тагача деб баҳоламоқда. Бу рақамлар мустақил равишда тасдиқланмаган.
Шимолий Корея йирик ҳарбий машқ ўтказган эди
Шимолий Корея қуролли кучлари 12 сентябр куни артиллерия ва ракета бўлинмалари иштирокида кенг кўламли зарба бериш машқларини ўтказган.

















