Ўзбекистон | 14:32 / 25.06.2021
4416
3 дақиқада ўқилади

Қон донорлиги соҳаси тўғрисида ҳукуматга парламент сўрови юборилди

Сенат ўн олтинчи ялпи мажлисида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ҳудудларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигига оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Бугунги кунда, соғлиқни сақлаш тизимидаги қон қуйиш хизмати Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” илмий ишлаб-чиқариш корхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станцияси ва 12та вилоятлар қон қуйиш станцияси, 2та республика тасарруфидаги қон қуйиш станцияси муассасалари ҳамда 196та қон қуйиш бўлимлари (қон банклари)дан иборат.

Республика қон қуйиш маркази томонидан қон препаратлари ишлаб чиқариш бўлими учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан беш юз миллиард сўмликдан ортиқ зарур жиҳозлар сотиб олиниб, ўрнатилган.

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган пандемия шароитида мамлакатда қон ишлаб чиқиш, қон захирасини шакллантириш амалиёти талаб даражасида йўлга қўйиш энг муҳим вазифаларидан экани алоҳида эътироф этилди.

Мажлисда мамлакатда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш мақсадида қон ва унинг таркибий қисмларини ривожлантириш бўйича концепция ишлаб чиқиш, қон қуйиш муассасалари моддий-техник ҳолатини яхшилаш, соҳага ахборот-технологияларни жорий этиш, донорлар ва қон захираси ҳақидаги маълумотлар алмашинуви учун рақамлаштиришни йўлга қўйиш, республика ҳудудларида мобил бригадалар томонидан қон захирасини оширишга устувор аҳамият қаратиш, қон қуйиш муассасаларини кўчма донорлик комплекслари билан таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, қон қуйиш марказларида қон компонентларини тайёрловчи асбоб-ускуналарни даврий равишда кўрикдан ўтказиб, узвий таъмирловчи мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш, кўнгилли ва беғараз донорликни тарғибот қилиш бўйича фаоллар (волонтёрлар) ҳаракатини ривожлантириш, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигидан хавфсиз ва самарали фойдаланиш мақсадида замонавий илғор технологияларни жорий этиш, бунда донор қонини гемотрансмиссив инфекцияларга (ОИВ, гепатит В, С) замонавий усулларда (ПЗР аппарати орқали) текширишни йўлга қўйиш масалаларига урғу берилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Мавзуга оид