Олимлар динозаврларнинг тошқотган қолдиқларида биологик тузилмалар ва молекулалар, жумладан, эритроцитлар ҳамда гемоглобин таркибий қисмлари сақланиб қолиши мумкинлигига илк бор ишончли далиллар тақдим этди. Бу кашфиёт миллионлаб йиллар давомида органик моддалар бутунлай парчаланиб кетади, деган шаклланган қарашни рад этди.
Сўнгги ўн йилликларда бир нечта илмий гуруҳ динозаврларнинг тошқотган қолдиқларида оқсиллар ва ҳужайралар топилгани ҳақида хабар берган. Бироқ аниқланган биомолекулалар ҳайвон ўлганидан кейин ташқаридан кириб қолмаганини, балки ҳақиқатан ҳам унинг ўзига тегишли бўлганини тасдиқлаш ниҳоятда қийин эди.
Австралиянинг Кертин университети олимлари бошчилигидаги халқаро тадқиқот гуруҳи ҳужайра деб тахмин қилинган тузилмаларнинг табиатини илк бор кимёвий таҳлил ёрдамида тасдиқлади. Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилган тадқиқотда 115 миллион йил аввал яшаган кичик теропод динозаври — Aratasaurus museunacionali'нинг ўнг оёқ суягида топилган минераллашган эритроцитлар ва сақланиб қолган гем биомолекулалари тавсифланган.
Қазилма қолдиқ 2008 йилда Бразилиянинг шимоли-ғарбидаги шахтадан топилган. Суякнинг ички қисмини батафсил текширган олимлар тошқотган қон томир каналларини, уларнинг ичида эса тошқотган эритроцитларга жуда ўхшаш кўплаб эллипсоид шаклидаги микротузилмаларни пайқади. Тахминларини тасдиқлаш учун тадқиқотчилар қон ҳужайралари деб қаралаётган тузилмаларни ҳам, уларни ўраб турган суяк моддасини ҳам бир қатор таҳлиллардан ўтказди.
Бу микротузилмалар ҳайвон ўлганидан кейин, аммо тошқотиш жараёни бошланишидан олдин суякка ўрнашиб олган замбуруғлар ёки бошқа микроорганизмларнинг сақланиб қолган қолдиқлари бўлиши эҳтимоли ҳам бор эди. Бироқ бундай ҳолда ипсимон тузилмалар — гифалар, споралар, биопардалар ёки шунга ўхшаш бошқа тузилмаларнинг излари учраши керак эди. Олимлар эса бундай изларни топмади. Геокимёвий таҳлил ҳам ҳужайравий тузилмалар билан адаштирилиши мумкин бўлган пирит минераллашуви излари ёки чўкинди заррачаларини аниқламади.
Тузилмалар ичида эса фақат қон ҳужайраларига хос бирикмалар, аниқроғи, гем аниқланди. Гем — гемоглобиннинг таркибий қисми бўлган муҳим молекула бўлиб, қон ҳужайралари унинг ёрдамида кислород ташийди.
Бу кашфиётга элементлар тақсимотини хариталаш орқали эришилди. Ушбу усул қазилма намунанинг турли қисмларида қайси кимёвий элементлар мавжудлигини аниқлаш имконини берди. Маълум бўлишича, ҳужайраларга ўхшаш микротузилмалар таркибида гемнинг таркибий қисмлари бўлган темир, углерод ва азот бор. Суякнинг қолган қисмида эса фосфор, кальций, фтор ва углерод мавжуд бўлган.








