Ўзбекистон | 11:48 / 02.07.2021
2697
2 дақиқада ўқилади

Италия компанияси Сурхондарёда йирик цемент заводи қуради

Италия компанияси Сурхондарёда янги йирик цемент заводи қуради. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов «Team Network» компаниясининг халқаро алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича директори ўринбосари Себастиано Заппала бошчилигидаги италиялик мутахассислар билан учрашган.

Учрашувда Сурхондарёда 220 миллион евро миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестиция жалб этиш эвазига йилига 1 миллион тонна портланд навидаги цемент ишлаб чиқариш қувватига эга завод қуриш лойиҳаси муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, мазкур завод қурилиши учун Шеробод туманидан 250 гектар ер майдони ажратиш масалалари, шунингдек, лойиҳа доирасида хорижий компанияга бериладиган солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар ҳақида фикр алмашилган.

Таъкидланишича, янги заводни 2023 йилнинг 1-чорагида ишга тушириш режалаштирилган. Завод ишга тушгач 500 кишини иш билан таъминлаш айтилган.

Маълумот учун, «Team Network» компанияси цемент ишлаб чиқариш заводларини лойиҳалаш, қуриш, фуқаролик ва саноат муҳандислиги, логистика, менежмент ҳамда ихтисослашган ходимлар томонидан тақдим этиладиган техник маслаҳат хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид