Фарғонада Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари чегара масалалари бўйича учрашув ўтказди. Бу ҳақда Қирғизистон вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
«Томонлар музокаралар давомида уч мамлакат давлат чегараларининг туташув нуқталари жойлашиши бўйича таклифлар алмашди. Тадбир якунига кўра тегишли протокол имзоланди», — дейилади хабарда.
Маълумот берилишича, ҳукумат делегацияларининг навбатдаги учрашуви Қирғизистонда бўлиб ўтади.
25 март куни Тошкентда ўзбек-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтганди.
Музокаралар якунига кўра ҳукумат делегациялари протокол имзолаган ҳамда чегаралардаги баҳсли участкалар бўйича барча масалалар ҳал этилганди.

















