Ўзбекистонда йилнинг биринчи ярмида нақд пул айланмаси ҳажми ошди
Ўзбекистонда январь-июнь ойларида нақд пул айланмаси ҳажми 47 фоизга ошган. Aҳоли банк карталарига келиб тушган маблағнинг 33 фоизи нақдлаштирилган.
Марказий банк жорий йилнинг олти ойлик ҳолатига кўра Ўзбекистондаги нақд пул айланмаси ҳажмини маълум қилди. Расмий хабарларга кўра, 2021 йил январь-июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 231,9 трлн сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга ошган.
Жумладан, банклар кассаларига нақд пул тушумлари 115,4 трлн сўмни, чиқим қилинган нақд пуллар эса 116,5 трлн сўмни ташкил этди.
2021 йил январь-июнь ойларида банк карталарига 126,9 трлн сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 42,1 трлн сўмлик (33,2 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2020 йил январь-июнь ойларига нисбатан 35,6 трлн сўмга ошиши кузатилган бўлса, ушбу ўсишнинг асосий қисми банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажми 15,8 трлн сўмга ҳамда нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун 11,3 трлн сўм ошиши ҳисобига юзага келди.
«Банклар кассаларига нақд пул тушумлари ҳажми ва нақд пулга бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага қўшимча нақд пуллар чиқариб борилди ҳамда айрим даврларда муомаладаги ортиқча нақд пулларнинг қайтиши кузатилди», дейилади Марказий банкнинг расмий хабарида.
Aввалроқ, 2021 йилнинг уч ойида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 108,2 триллион сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 23,2 фоизга ошгани хабар қилинганди.