19:56 / 20.07.2021
9966

Мали президентига суиқасд уюштирилди

Давлат раҳбарига зиён етмаган. Суиқасддан сўнг икки киши қўлга олинган.

Фото: Getty Images

Малининг муваққат президенти Aссими Гоитага суиқасд қилишни режалаштирган икки киши ҳибсга олинди, дея ўз манбасига таяниб хабар бермоқда РИA Новости.

Манба суиқасдда давлат раҳбарининг ўзи жароҳат олмаганини маълум қилган.

AFP агентлигининг қайд этишича, Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакат пойтахти Бамакода жоме масжидда ўқилган намоздан кейин икки номаълум шахс президентга пичоқ билан ташланган. Гоитага орқадан пичоқ урмоқчи бўлган шахс президентнинг ўрнига бошқа одамни жароҳатлаган. Суиқасднинг иккинчи иштирокчиси эса зарарсизлантирилган. Муваққат президент дарҳол воқеа жойидан эвакуация қилинган.

Малидаги ҳарбий кучлар 24 май куни вақтинчалик президент Ба Ндао, бош вазир Мухтор Уан ва янги мудофаа вазири Сулаймон Дукурни ҳибсга олишганди. Мали раҳбариятининг ҳибсга олиниши президент Ндао ўтиш даври ҳукумати 14 май куни истеъфога чиққанидан кейин янги ҳукумат таркиби ҳақидаги фармонни имзолагандан бир неча соат ўтиб юз берган.

Ҳукуматнинг янги таркибига аввалги ҳукуматдан ички ишлар вазири Модибо Коне ва мудофаа вазири Садио Камара киритилмаган, бунга ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Вице-президент Ассими Гоита баёнот бериб, августда қабул қилинган ўтиш даври хартиясини бузишгани сабабли президент ва бош вазирни ваколатларидан маҳрум қилганини эълон қилган. Гоитанинг қайд этишича, президент ва бош вазир янги ҳукумат таркибига вазирлар тайинлашда таркиб борасида вице-президент билан маслаҳатлашмаган.

Ҳарбий тўнтарувдан кейин давлат чегаралари ёпилган ва комендантлик соати киритилганди. Полковник ҳарбий унвонига эга вице-президент Гоита бошчилигидаги ҳарбий кенгаш мамлакат бошқарувини ўз зиммасига олган ва 2022 йилда янги сайловлар ўтказишга ваъда берганди.

26 май куни Мали конституцион суди полковник Ассими Гоитани мамлакатнинг вақтинчалик президенти этиб тайинлаганди.

Top