08:40 / 13.08.2021
5430

Онлайн-аукционлар орқали 168 млрд сўмлик «чиройли» авторақамлар сотилди 

Фото: KUN.UZ

Жорий йил ўтган даврда онлайн-аукционлар орқали 168,7 млрд сўмлик 83,2 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди. Бу ҳақда АОКАда Республика товар-хом ашё биржаси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 7 ойлик якунларига кўра биржа савдолари орқали 12,6 минг тонна поливинилхлорид, 1 225 тонна формалин ва 224 килограмм кумуш сотилди.

Биржа барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йил мос даврига нисбатан 46,7 фоизга ўсиб, қарийб 46,0 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда тузилган битимлар ҳажмининг 87 фоизи биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келди.

Кўриб чиқилаётган даврда avtoraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн-аукционлар орқали 168,7 млрд сўмлик 83,2 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди. Бунда, авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,4 баробарга, ҳажми бўйича – 42 фоизга ўсди. 

Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил қилди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,0 млн сўмга тенг бўлди.

Top