Ҳукумат қарорига мувофиқ, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқаришнинг бошланғич нархларини қайта тасдиқлаш механизми жорий этилди. Шунингдек, рухсатнома «биринчи келган — биринчи олади» тамойили асосида расмийлаштирилганда, ариза берувчи томонидан аукционнинг бошланғич нархи миқдорида тўлов амалга оширилиши белгиланди.
Қарор билан қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун ер қаъри участкаларини аукционга чиқаришда бошланғич нархни ҳисоблаш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилди. Бунда ҳар бир гектар учун базавий ҳисоблаш миқдори 35 баравардан 100 бараварга оширилди.
Шунингдек, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига 2026 йил 1 октябрга қадар қазиб олиш фаолияти учун ер қаъри участкаларининг бошланғич нархини аниқлаш тартибини тасдиқлаш, 2027 йил 1 мартга қадар эса кон ва истиқболли майдонлар ҳақидаги маълумотларни «Геомониторинг» ахборот тизимига жойлаштириш вазифаси юклатилди. Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.











