1964 йилда ишлаб чиқарилган Shelby Cobra Daytona купеси 42,9 миллион долларга сотилди ва бу Америка автомобиллари орасида рекорд натижа бўлди, деб хабар берди Gooding & Christie’с аукцион уйи.
Моделнинг дастлабки баҳоси 25 миллион доллардан ошиқ эди. Якуний нарх эса дастлабки тахминдан деярли икки баравар кўп бўлди. Бундан аввалги рекорд 1935 йилги Duesenberg SSJ автомобилига тегишли бўлиб, 2018 йилда 22 миллион долларга сотилганди.
Shelby Cobra Daytona пойгаларда қатнашиш ва Ferrari 250 GTO билан рақобатлашиш учун ишлаб чиқилган. Модел Британиянинг AC Ace родстери асосида яратилган бўлиб, V8 двигатели ва янги аэродинамик кузов билан жиҳозланган.
Умумий ҳисобда жами олтита Daytona Coupe автомобили ишлаб чиқарилган. Айнан шу нусха «Ле-Ман 24 соати» ва Нюрбургрингдаги пойгаларда қатнашган.









