10:50 / 14.08.2021
28048

Ёзда ҳам деярли ҳар куни ёмғир: Тоғлар бағридаги Парда Турсун қишлоғига саёҳат

Жазирама кунларда сўлим ва салқин гўшалар, дам олиш масканлари одатда банд бўлади. Бироқ ҳамма ҳам билавермайдиган гўзал манзарали қишлоқлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Биз Наманган вилоятининг тоғли ҳудудларидаги ана шундай ажойиб қишлоқ ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Энг аввал, ишни сўлим жойлардан меҳмон уйлар излашдан бошлаймиз. Туризмни ривожлантириш учун ҳудудларда ташкил этилган меҳмон уйлари ва уларнинг манзиллари билан танишамиз. Биз Поп туманидаги Парда Турсун қишлоғига саёҳат қилишни мақсад қилдик. Интернетнинг қидирув тизими, туризм сайтларидан уй меҳмонхоналари ҳақида деярли маълумот топа олмадик. Парда Турсун қишлоғи ҳақида маълумотлар умуман йўқ деса ҳам бўлади.

Шундай бўлса-да, ўша ернинг ўзидан жой топишга ва дам олиш кунини мароқли ўтказишга қарор қилдик.

Наманган вилояти, Поп тумани марказидан 30-40 километр узоқликда Имом ота, Маданият, Чоркесар ва Бунёдкор маҳаллалари бор. Бу тўрт маҳаллани аҳоли умумий номда Парда Турсун қишлоғи деб атайди.

Ёзувчи Парда Турсун мана шу ҳудуддаги Чоркесар маҳалласида дунёга келган ва ушбу ҳудудга кейинчалик унинг номи қўйилган.

Парда Турсун қишлоғи тоғ билан ўралган бўлиб, ёзнинг жазирама иссиғида айниқса сўлим гўша ҳисобланади.

Ҳа айтганча, меҳмон уйи топдик. Кун бўйи қолишимизни ҳисобга олиб, битта сўрини банд қилдик. Бу сўри бир кунга 60 минг сўмга тушди. Меҳмон уйда бир кеча тунаш эса киши бошига 25-30 минг сўмни ташкил этади. Баъзи жойларда арзонроқ, баъзи жойларда эса сал қимматроқ экан.

Парда Турсун қишлоғининг табиати жуда ёқди. Фақат бу жойлар ҳақида ташриф буюрмаган одамлар учун онлайн маълумотлар жуда кам.

Ҳар куни ёғадиган ёмғир, майин шабада, сой сувининг шалдираб оқиши маскан жозибадорлигини янада оширади.

Ҳудудни сайр қилиш учун энг қулай транспорт – мотоцикллар. Улар ёрдамида тоғлар орасида жойлашган шаршара ва қорли чўққиларгача етиб бориш мумкин.

Қўқонлик Асалхон Мирзақулова ҳам ҳар йили шу ерга қариндошлари билан бирга ташриф буюради.

– Тоза ҳавонинг ўзи касалликларимизга даво бўлади, – дейди қўшни вилоятдан келган меҳмон.

Баҳаво табиатли қишлоққа қисқа сафаримиздан нафақат илиқ таассуротлар, балки интернетда топилмайдиган фото ва видеокадрлар билан қайтдик. Кўрсатувни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Тоҳиржон Турсунов

Top