Ўзбекистон | 16:09 / 25.08.2021
3763
2 дақиқада ўқилади

Бухорода сохта “мўри тозаловчи”га жиноят иши қўзғатилди

Олот туманида сохта мўри тозаловчи аҳоли хонадонларига кириб, фирибгарлик йўли билан 25 минг сўмдан пул йиғиб чиққани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.  

Маълум қилинишича, номаълум шахслар 2020-2021 йиллар давомида 49 та ҳолатда туманда яшовчи фуқароларнинг хонадонларига бориб, дудбурон, ўт ўчириш, электр энергияси тармоқларини кўздан кечирган ҳолда аҳолидан 25 минг сўмдан пул маблағларини фирибгарлик йўли билан йиғиб олган. 

Ҳолат юзасидан номаълум шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.

Натижада, ушбу жиноятни Бухоро тумани Работиқалмоқ маҳалласида яшовчи, 1994 йилда туғилган, “Газ ва электрдан махсус назорат” МЧЖ раҳбари Ж.М. содир қилганлиги маълум бўлган. Ҳозирда ушбу фуқаронинг яна шу каби жиноятларга алоқадорлигини текшириш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Бухорода 2 000 доллар эвазига фуқарони ОТМга ўқишга киритмоқчи бўлган шахс қўлга олинганди.

Мавзуга оид