Ўзбекистон | 22:50 / 25.08.2021
7423
3 дақиқада ўқилади

“Юздан ортиқ кўприклар эгасиз” — Қутбиддин Бурҳонов

Республикадаги автомобиль йўллари ва кўприкларнинг ҳолати Сенат томонидан экспертларни жалб қилган ҳолда батафсил ўрганилган. Бу жараёнда йўллар қайси стандартларга жавоб бермаслиги, юздан ортиқ кўприклар эгасиз экани, мабодо уларга бирор табиий офат натижасида зиён етса, уни тузатадиган масъул йўқлиги аниқланган.

Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов қўмитанинг 24 августдаги йиғилишида маълум қилди.

“Бу масала қўмитамиз томонидан батафсил ўрганилди. Республикамиздаги барча автомобиль йўллари ҳолатлари, айниқса, кўприкларни батафсил ўргандик. Бу ишга керакли мутахассисларни, экспертларни ва кўп вазирликларнинг мутахассисларини жалб қилдик. Биз бу масалада ҳукуматга йўллар қайси стандартлар, қайси қонун талабларига жавоб бермаслигини аниқ кўрсатганмиз, экспертларнинг хулосаларини тўлиқ берганмиз.

Ўрганиш давомида юздан ортиқ кўприкларнинг эгасиз экани, мабодо уларга бирор табиий офат натижасида зиён етса: “Бу сеники, бу меники эмас, кўприк менга қараши ҳақидаги ҳужжатни топиб бер”, дейдиган жуда кўп ҳолатлар юзага чиқди.

Шуларнинг барчасига аниқлик киритиб, аниқ бир ташкилотларга белгилаш, уларга жавобгарлик масъулиятини шу ташкилот олиши ҳақида ҳукуматга сўров юборгандик.

Олий Мажлис Сенатининг шу йил 29 май куни бўлиб ўтган XV ялпи мажлисида мамлакатимиздаги автомобиль йўллари ҳамда сунъий иншоотлар, яъни кўприкларнинг ҳолати транспорт воситалари хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилганди. Ҳукумат томонидан Сенат қарорида белгиланган муддатда жавоб келиб тушди. Парламент сўрови натижаларини Сенатнинг XIX ялпи мажлисида муҳокама қилиш режалаштирилмоқда”, – дея Қутбиддин Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ Сенатнинг XV ялпи мажлисида Қутбиддин Бурҳонов автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш борасида олиб борилган ўрганишларни очиқлаб, автомобиль йўллари сифати бўйича назорат ва қурувчилар олдига масъулият қўйиш ҳам таъминланмаётганини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид