Тадбирда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов сўз олиб, мураббий танлаш жараёни ва Катанец номзодига тўхталиш сабаблари ҳақида гапириб берди.

«ЎФА мутасаддилари миллий жамоага янги мураббий танлаш жараёнида 30 дан ортиқ мураббий вариантини кўриб чиқдик. Улар орасида бир қатор номдор мутахассислар ҳам бор эди. Лекин мураббийлар кенгаши бизга аниқ критерияларни белгилаб беришди. Бунга кўра, янги мураббий миллий жамоалар билан ишлаш тажрибасига эга бўлиши, хориждан, имкон қадар Европадан бўлиши керак эди. Сабаби, бугунги кун футболида Европа устунлик қилмоқда ва жадаллик билан ривожланяпти.

Иккинчидан, Ўзбекистонда ишлашга бўлган хоҳиш, истак ва амбиция муҳим аҳамият касб этарди. Учинчидан, биз кўплаб мураббийларни таҳлил қилганимизда, улар асосан йиғинлар пайтида келиб, бошқа пайтларда ўзлари истиқомат қиладиган давлатда бўлишни маъқул кўришларига гувоҳ бўлдик. Биз эса янги мураббий Ўзбекистонда яшаб, миллий чемпионатимизни синчковлик билан кузатиб, биз билан биргаликда иш олиб бориши керак деган қарорга келдик. Ва ниҳоят, янги мураббийнинг штабида замонавий технологиялар билан ишловчи мутахассис бўлиши кўзда тутилиши керак, деб қарор қилинди.

Шу тариқа, ўзбек футболи мухлисларининг Жаҳон чемпионатига чиқиш ҳақидаги узоқ йиллик орзуларини рўёбга чиқариш мақсадида, миллий жамоамиз бош мураббийлигига Сречко Катанец номзодида тўхталдик», деди Эрматов.

Шундан сўнг, Сречко Катанец сўз олиб, миллий жамоа бош мураббийи сифатидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди ва журналистларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб берди.

«Ҳаммага салом. Мен ва ёрдамчиларим бу ерда эканимиздан хурсандмиз. Ўзбекистон футбол ассоциациясига бизга ушбу имконни тақдим этгани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мақсадимиз – жаҳон чемпионати йўлланмаси. Бунинг учун кўп ишни амалга оширишимиз керак. Яхши, ёш футболчиларни топишимиз керак. Мослашиб олиш учун бироз вақт керак бўлади. Мундиалга чиқиш учун биз ростдан ҳам кучли бўлишимиз керак.

Бу йўлда медиа ва мухлислар бизга катта ёрдам беради деб ўйлайман. Умид қиламан, тез орада коронавирус билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлиб, мухлислар билан тўла стадионда ўйнаймиз. Улар жамоани ҳар қандай ҳолатда, мағлубиятда ҳам, ғалабада ҳам бир хил қўллашларига умид қиламан.