Дала қўмондони, қўрбоши Иброҳимбек совет тарихига «босмачилар ҳаракати»нинг энг машҳур етакчиси сифатида кирган. У ўтган асрнинг 30-йилларида совет ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб борган.

Кўп йиллар давомида у совет киносининг энг асосий «золим»ларидан ва совет адабиётининг антиқаҳрамонларидан бири - «босмачи» сифатида гавдаланган. Баъзилар учун у муросасиз душман бўлса, бошқалар учун истиқлол курашчиси тимсоли эди.

Иброҳимбек йиллар давомида совет ҳукуматига қарши курашди. Сўнгра, қаршилик кўрсатиш ва урушни давом эттириш бефойда эканини тушуниб, таслим бўлди. Ҳибсга олинди ва отиб ташланди. Орадан 90 йил ўтгач суд томонидан оқланди.

Иброҳимбек лашкарлари (фото РИА-Новости)

Курашнинг бошланиши

Иброҳимбек 1889 йилда Бухоро амирлиги таркибига кирувчи Душанбе шаҳри яқинидаги Кўктош қишлоғида туғилган. Унинг отаси Чақабой ўзбекларнинг лақай уруғига мансуб, ўз қишлоғининг оқсоқоли, баъзи маълумотларга кўра, Бухоро армиясида тўқсабо (полковник) ёки амирлик амалдорларидан эди.

Иброҳимбек 1,5 йил давомида мадрасада ўқийди. Ўзининг тан олишича, ўқишни бироз билади, аммо ёзишни ўргана олмайди.

1920 йили Туркистонда совет ҳукумати ўрнатилади. Бухоро амири Саид Олимхон тахтни ташлаб, Афғонистонга қочади.

Янги ҳукумат маъмурий бинолар йўқлиги туфайли мадрасалар, масжидлар ва бошқа жамоат жойларини эгаллай бошлайди. Аҳолининг ғамлаб қўйган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаги армия эҳтиёжлари баҳонасида тортиб олинади. Уй-жойлар ва бошқа бостирмаларнинг ёғоч қисмлари бузиб олиниб, ўтин сифатида ишлатилади. Қаршилик қилишга уринганлар сургун ёки қатл этилади.

Оқибатда, 1921 йил баҳорида Шарқий Бухорода (Ҳисор, Қўрғонтепа, Кўлоб, Қоратегин, ҳозирги марказий ва жанубий Тожикистон) маҳаллий қабила бошлиқлари ва диний уламолар раҳнамолигида қизил армия ва совет ҳукуматига қарши қўзғолон бошланади. Исён етакчилари барча қабила ва қавмларни душманга қарши курашиб, ватанни озод қилишга, истиқлол байроғи остида бирлашишга, Саид Олимхонни тахтга қайтариб, амирликни тиклашга чақиришади.

Лақай уруғи вакиллари ҳам Иброҳимбекнинг қайнотаси Абдуқаюм Парвоначи бошчилигида қўзғолончиларга қўшилиб, инқилобчилар ва совет ҳукуматига қарши курашни бошлайди. Аммо тез орада қўмондон бетоб бўлиб қолади. Қайнотасининг ўрнини эса ёш Иброҳимбек эгаллайди.

Айнан унинг бошчилигида лақайликлар қўзғолончиларнинг етакчи гуруҳига айланиб олишади. Иброҳимбек Вахш дарёси қирғоғи, Душанбе атрофи ва Ҳисордаги жангларда ғалаба қозониб, моҳир қўмондон сифатида обрў орттиради. Унинг раҳбарлигида Қоратегин, Дарвоза, Балжувон, Кўлоб ва Жиликўлда совет ҳукумати бартараф қилинади.