Европа Иттифоқи ва НАТО Германиянинг Лейпциг аэропортидаги диверсияга уриниш учун Россияни айблаб, Москвага қарши янги чоралар жорий этиш қарорини қўллаб-қувватлади.
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Германия канцлери Фридрих Мерц билан суҳбатдан сўнг Европа Иттифоқи Германия билан «тўлиқ бирдам» эканини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Германия ҳукумати қатъий чоралар кўрди ва бу билан гибрид ҳужумлар жавобсиз қолмаслиги ҳақида аниқ сигнал берилди. Фон дер Ляйен Европа давлатлари Россия агрессиясига қарши биргаликда ҳаракат қилишда давом этишини ҳамда Украинага зарур бўлган муддат давомида ёрдам кўрсатилишини айтди.
Еврокомиссия раҳбари 2 сентябр куни мазкур масалани НАТО бош котиби Марк Рютте билан муҳокама қилишини маълум қилди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари даражасида маслаҳатлашувлар ўтказилиши ва унда Россияга қарши янги санкциялар масаласи ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Марк Рютте ҳам Мерц билан мулоқотдан сўнг НАТО Германия билан «тўлиқ бирдам» эканини билдирди ва Берлиннинг жавоб чораларини олқишлади.
Унинг сўзларига кўра, альянс барча аъзо давлатларни ҳар қандай таҳдидлардан, жумладан, Лейпцигда ва НАТО ҳудудининг бошқа жойларида кузатилган каби зарарли ҳаракатлардан ҳимоя қилиш ва тийиб туриш имкониятларини кучайтиришда давом этади.
Германияга Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам қўллаб-қувватлаш билдирди. У Франция Германия билан тўлиқ бирдам эканини ва Россияга қарши янги Европа санкцияларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Швеция бош вазири Улф Кристерссон, Испания ҳукумати раҳбари Педро Санчес ва Австрия канцлери Кристиан Штокер ҳам Берлинга ҳамдардлик билдирди.
Эстония ҳукумати эса Лейпциг аэропортига учувчисиз қурилма орқали ҳужум қилишга уриниш Россия бутун Европа учун таҳдид солаётганини кўрсатишини таъкидлади. Латвия ва Литва ҳукуматлари ҳам Германия билан бирдамлик билдирди.
Украина томони ҳам Берлиннинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Украинанинг Германиядаги элчиси Алексей Макеев Германиянинг Лейпцигдаги ҳодисага нисбатан «қатъий муносабатини» олқишлади.
Унинг билдиришича, Украина Германия билан муҳим инфратузилмани дронлардан ҳимоя қилиш, Россиянинг «соя флоти»га қарши мувофиқлаштирилган кураш ва қўшимча санкциялар жорий этиш масалаларида яқин ҳамкорлик қилмоқда.







