Номаълум ҳакерлар Россия мустақил оммавий ахборот воситалари иштирокидаги «Давайте» ва «Ты не один» хайрия лойиҳаларига киберҳужум уюштирди. Бу ҳақда ҳар икки лойиҳа жамоаси 1 сентябр куни маълум қилди.

«Давайте» лойиҳаси урушдан жабрланган украиналиклар учун хайрия маблағлари йиғади. «Ты не один» марафони эса Россиядаги сиёсий маҳбусларга ёрдам кўрсатишга қаратилган.

Лойиҳалар маълумотига кўра, кибержиноятчилар 11 август куни онлайн-аукционлар ўтказишда фойдаланиладиган WooCommerce хизмати ва Stripe тўлов тизими интеграцияси орқали уларнинг аккаунтларига киришга муваффақ бўлган.

Ҳужум натижасида хайрия қилган айрим шахсларнинг электрон почта манзиллари ўғирланган. Алоҳида ҳолатларда банк картасининг охирги тўртта рақами ва картани чиқарган банк номи ҳам хакерлар қўлига тушган.

Шундан сўнг маълумотларга рухсатсиз кириш имконияти тўсиб қўйилган.

Лойиҳа жамоалари тўлиқ тўлов маълумотлари кибержиноятчилар қўлига тушмаганини таъкидламоқда. Шунингдек, Stripe тизимида фойдаланувчилар ҳисоблари билан боғлиқ фирибгарлик операциялари қайд этилмаган.

Айни пайтда ҳужумни ким амалга оширгани аниқ эмас. Лойиҳалар жамоалари киберҳужум ортида Россия куч тузилмалари туриши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Бироқ бу тахминга далиллар келтирилмаган.

«Давайте» — «Служба поддержки», «Медуза» ва «Дождь» томонидан ташкил этилган қўшма хайрия лойиҳаси. Россияда мазкур ташкилотлар «номақбул ташкилотлар» деб эълон қилинган. Лойиҳа маълумотига кўра, шу вақтга қадар 292 минг нафар украиналикка ёрдам кўрсатилган.

«Ты не один» хайрия марафонини ҳам шу ташкилотлар, шунингдек, «Медиазона» ва Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш фонди билан боғлиқ тузилмалар ташкил этган.

Лойиҳа ҳисоботига кўра, 2024 йилда марафон Россиядаги сиёсий маҳбусларга ёрдам кўрсатиш учун 45 млн рублдан зиёд — тахминан 448 минг евро маблағ тўплаган.