Ўзбекистон | 18:47 / 10.09.2021
40668
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги мактабда ўқувчилар парта бўлмагани учун полда ўтириб дарс ўтишди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги мактабда ўқувчилар парта бўлмагани учун полда ўтирган ҳолда дарс ўтгани ҳақида видео тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Яккабоғ тумани халқ таълими бўлимига қарашли 39-мактабда синфхонада парта бўлмагани учун ўқувчиларнинг полда ўтириб дарс ўтгани ҳолати бўйича вилоят прокуратураси томонидан ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ ҳозирда ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда.

«Ишчи гуруҳ томонидан видеодаги мактаб хонасида ўқувчилар полда ўтирган ҳолда дарс машғулотида қатнашаётгани акс этган лавҳанинг ҳаққонийлиги ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади», дейилади вилоят прокуратураси муносабатида.

Kun.uz мазкур ҳолат бўйича вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жавоҳир Рустамов билан боғланди. Унинг айтишича, Яккабоғ туманидаги 39-мактаб жорий йилда 3 миллиард 102 миллион сарфланиб капитал таъмирланган. Ундаги эски парталар янгисига алмаштириш учун чиқариб ташланган. Янги парталарнинг бир қисми мактабга етказилган. Яна бир қисми эса бугун-эрта юборилади ва синфлар янги парта билан жиҳозланади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид