Жаҳон | 07:21 / 20.09.2021
6154
2 дақиқада ўқилади

Боксчи Мэнни Пакьяо Филиппин президенти сайловларида иштирок этади

Филиппиннинг ҳукмрон партияси PDP-Laban (Филиппин демократик партияси- Халқ кучи) бокс бўйича 8та вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Мэнни Пакьяо номзодини мамлакат президенти лавозимига илгари сурди. Сайловлар 2022 йил 9 майга режалаштирилган.

Фото: Getty Images

“Мен жангчиман ва ҳамиша рингда ҳамда унинг ортида жангчи бўлиб қоламан. Мен Филиппин президенти лавозимига номзод бўлиш таклифини қабул қиламан”, деб айтган Пакьяо.

Мамлакат конституциясига кўра, амалдаги президент, мамлакатга 2016 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган 76 ёшли Родриго Дутерте президент сайловларида бошқа иштирок эта олмайди. Бироқ у сиёсат билан “хайрлашиш”ни истамаяпти ва августда ўз номзодини мамлакат вице-президенти лавозимига қўймоқчилигини, президент лавозимига эса ўз қизи, мамлакатнинг йириклиги бўйича иккинчи рақамли шаҳри – Давао мэри Сара Дутерте-Карпиони илгари суришини маълум қилган.

Бироқ Сара Дутерте отасининг режаларини “чиппакка чиқариб”, президент сайловларида иштирок этмоқчи эмаслигини айтган.

Аввалроқ PDP-Laban Дутертенинг кўп йиллик ёрдамчиси сенатор Кристофер Бонг Гога президент лавозимига номзодини қўйишни таклиф қилган, бироқ сенатор бунга рад жавобини берган.

Мэнни Пакьяо 2016 йилдан бери сенатор лавозимини эгаллаб келади. У 8та вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлишга муваффақ бўлган биринчи ва ҳозирча охирги боксчи ҳисобланади. 43 ёшли боксчи профессионал рингда 72та жанг ўтказиб, улардан 62тасида ғалаба қозонган, 8тасида мағлубиятга учраган ва 2та дуранг нактижа қайд қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид