1974 йилда Филиппинда 52 ёшли япон зобити мамлакат ҳарбийларига таслим бўлади. Маълум бўлишича, Иккинчи жаҳон урушидан буён Филиппинда қолиб келаётган бу япон узоқ йиллар давомида қалин ўрмонда яшаб, Япониянинг 1945 йилда таслим бўлганини билмаган ҳолда филиппинликларга қарши жанг қилган.

1930-йилларнинг иккинчи ярмида дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири бўлган Япония учун Иккинчи жаҳон уруши аламли мағлубият билан тугайди.

Урушгача Сахалин оролидан Австралия қитъаси шимолигача жуда катта ҳудудни қўлга киритган японлар 1941 йил декабрда АҚШнинг Ҳавай оролларида жойлашган Перл Ҳарбор авиабазасини бомбардимон қилади.

Шундан сўнг ўша пайтда ҳарбий қудрат жиҳатдан энг кучли давлатларнинг бири бўлган АҚШ Японияга уруш эълон қилади.

1945 йил майда Фашистлар Германияси енгилгач, СССР, Британия, Франция ва АҚШдан иборат иттифоқчилар ўз кучларини Японияга қарши урушга ташлайди.

1945 йил август ойи бошларида АҚШ ҳарбийлари Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига иккита атом бомба ташлайди. Оқибатда ҳар икки шаҳар култепага айланади ва бир неча юз минг одам ҳалок бўлади.

Император Хирохито / ddaymuseum.com

1945 йил 15 август куни император Хирохито Япония сўзсиз таслим бўлгани ҳақида эълон қилади. Сентябр ойи бошларида шу ҳақдаги акт имзоланади. Шу билан Иккинчи жаҳон уруши тугайди. Аммо ҳамма учун эмас.

Ўша пайтда Жанубий-Шарқий Осиёдаги аксарият давлатларда Япония армияси бўлинмалари бор эди. Уларнинг аксарияти ўз давлатининг таслим бўлганини эшитиб ортга қайтади. Айримлар эса уруш тугаганини билмайди ва жанг қилишда давом этади.

Ҳатто уларнинг баъзилари 1970 йилларгача Япониянинг таслим бўлганини билмаган ҳолда ўрмонларда қолиб, маҳаллий аҳолига ва полиция бўлимларига ҳужумлар уюштириб туради. Ана шуларнинг бири Хиро Онода исмли зобит эди.

Савдогардан чиққан зобит

1922 йилда туғилган Хиро Онода мактабда ўқиб юрган пайтларида япон миллий қиличбозлик санъатидан дарс олади. Мактабни битиргач, хусусий компанияларнинг бирига ишга киради.

Ўша пайтда Хитойнинг бир қисми японлар бошқарувида эди ва компания Онодани шу мамлакатдаги бўлимига ишга юборади.