Қотилликдан 15 йил ўтди ва бу вақт давомида қотилликни ташкил этиш учун жавобгарлик муддати ҳам ўтиб бўлади. «Новая газета» нашрининг ўз журналисти Анна Политковскаянинг ўлдирилиши бўйича суриштирув ишлари қай босқичда экани ҳақидаги сўровлари жавобсиз қолмоқда. Бу ҳақда яқинда тинчлик йўналишида Нобел мукофотини қўлга киритган «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов ҳам гапирганди.

Россия қонунчилигига кўра, ҳар қандай давлат идораси ОАВнинг сўровига жавоб беришга мажбур. Хусусан, Тергов қўмитаси ҳам. Шу сабаб нашр қўмита қонунни бузаётгани ҳақида хат тайёрламоқда.

Политковская ким эди?

Жасур журналист Анна Политковская ўз шарифига муносиб асосан сиёсий масалалар билан шуғулланарди. У кўплаб мавзуларда ўткир мақолалар тайёрлаган, аммо кўпчилик Анна Политковскаяни Чеченистон уруши ҳақидаги репортажлари билан яхши танийди. Журналист репортажларида Чеченистондаги раҳбарлар Кремль таъсирида қолишининг салбий оқибатлари ҳақида ҳикоя қилган.

Журналистни чеченистонлик қотиллар ўлдирган. Улар Россия шаҳар ички ишлар бошқармаси подполковнигидан пул олиб бу ишни қилгани айтилади. 15 йил ўтди ҳамки, Политковскаяни ўлдиришни ким буюртма қилгани расман тасдиқланмади. Ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар Политковская ўлдирилишига унинг Чеченистон ҳақидаги таъсирли репортажлари ва у ерда аслида нималар бўлаётгани ҳақидаги мақолалари сабаб бўлганини айтишади.

Ноҳақликка чидай олмаган мард аёл

Политковскаянинг Чеченистон ҳақидаги илк мақолалари «Новая газета»да Доғистондаги қишлоқлардан бирига ҳужум билан бошланган иккинчи чечен уруши ўт олишидан сал олдин чиқади. Журналист 6 йил давомида Чеченистон ва атрофидаги ҳудудлардан йилига ўнлаб репортажлар бериб боради. Политковская мақолаларида тинч аҳоли, қочоқлар, чечен айирмачилари ва рус аскарларининг тақдирини ёзади. Унинг репортажларида урушнинг қони Чеченистондан анча узоққа сачрагани ҳикоя қилинади.

Фото: Getty Images

«Илк учрашувимиздаёқ Анна ўзи кўрган воқеалар ҳақида қанчайин ёниб ҳикоя қилаётганидан ҳайратлангандим. Биласизми, у бўлаётган воқеалар учун ўзини ҳам айбдор деб ҳисоблар, ниманидир ўзгартиришга интиларди. Аслида атрофдаги воқеаларга чинакам дахлдорлик ҳисси бўлган инсон шунақа бўлиши керак», деганди Анна Политковская ҳақида ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Станислав Дмитревский.

Журналист Чеченистон ҳақида ёзган мақолаларида у ерда содир бўлаётган уруш бутун Россия аҳолиси учун аҳамиятли эканини таъкидлаган. У таъсирли қочиримлари билан рус ҳукумати ва айниқса Чеченистон ҳукуматидагиларнинг жаҳлини чиқарганди. Қуйидаги мулоҳазалар унинг журналистлар орасида катта инсон сифатида қабул қилинишига сабаб бўлган.