30 млн сўмдан кўп топадиганларнинг 32 фоизи саёҳатга пул сарфламоқчи — Марказий банк
|12:12 / 06.10.20267 0197 мин
Ўзбекистонда аҳолининг истеъмол кайфияти 2026 йилнинг II чорагида ҳам ижобийлигича қолган. Одамларнинг келгусидаги харажат режалари даромад даражасига қараб анча фарқ қилади: юқори даромадли аҳоли саёҳат, автомобил ва уй-жой харидига кўпроқ маблағ ажратишни режалаштираётган бўлса, даромади пастроқ қатламларда уй-жой таъмири, таълим ва даволаниш асосий харажатлар бўлиб қолмоқда.
Фото: Kun.uzФото: Kun.uz
Марказий банк июл ойида аҳолининг истеъмол кайфиятини ўрганиш учун қарийб 4,1 минг респондент ўртасида сўров ўтказган. Унда аҳолининг даромадлари, харажатлари, кредитга эҳтиёжи, жамғариш имкониятлари ва иқтисодиёт бўйича кутилмалари ўрганилган.
30 млн сўмдан юқори даромадли аҳолининг асосий режаси — саёҳат
Шарҳдаги энг эътиборли жиҳатлардан бири — аҳолининг даромади ошгани сари харажатлар таркиби ҳам ўзгараётгани.
20–30 млн сўм даромад оладиган респондентларнинг 18 фоизи саёҳатга, 16 фоизи автомобилга, 15 фоизи эса уй-жой харидига пул сарфлашни режалаштирган.
Даромади 30 млн сўмдан юқори бўлганларда эса саёҳат биринчи ўринга чиқади: уларнинг 32 фоизи саёҳатга, 30 фоизи уй-жой таъмирига, 19 фоизи автомобилга, 17 фоизи уй-жой харидига ва 15 фоизи оилавий байрамларга маблағ ажратишни режалаштирган.
Яъни юқори даромадли аҳолида харажатлар кундалик эҳтиёжлардан кўра кўпроқ йирик харидлар ва хизматларга йўналтирилмоқда.
Марказий банк буни даромад ошгани сари аҳолининг саёҳат, автомобил ва уй-жой каби йирик харажатларга маблағ ажратиш имконияти ортаётгани билан изоҳлаган.
Кам даромадли аҳолида эса таъмир, таълим ва даволаниш устувор
Даромади 5 млн сўмгача бўлган аҳолининг келгуси харажатларида бошқа манзара кузатилади.
Бу гуруҳда асосий харажатлар:
уй-жой таъмири;
таълим;
даволаниш;
кундалик ва бошқа зарур эҳтиёжлар.
Автомобил, саёҳат ёки уй-жой сотиб олиш каби йирик харажатларга қизиқиш эса нисбатан паст. Марказий банк буни кам даромадли аҳолида зарур ва кундалик эҳтиёжлар устуворлиги билан изоҳлайди.
Даромади 5–15 млн сўм бўлганларда ҳам уй-жой таъмири, таълим ва бошқа эҳтиёжлар асосий ўринда. Шу билан бирга, даромад ошиб боргани сари автомобил, саёҳат ва уй-жой харидига маблағ ажратишни режалаштираётганлар улуши ҳам кўпаймоқда.
Мавзуга оид
Ёшлар катта харажатларга тайёрланмоқда
Ёш бўйича қаралганда ҳам сезиларли фарқлар бор. 30 ёшгача бўлганлар асосан таълим ва уй-жой таъмирига маблағ сарфлашни режалаштирмоқда. Бироқ улар орасида тўй, саёҳат, автомобил ва уй-жой харидига харажат қилиш истаги ҳам нисбатан юқори.
Марказий банкнинг қайд этишича, бу ёшларнинг келгусидаги харажатларида таълим билан бир қаторда инвестициявий хусусиятга эга йирик харидлар ҳам муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади.
31–50 ёшдаги аҳоли эса уй-жой таъмири, таълим ва даволаниш билан бир қаторда автомобил ва уй-жой харидига ҳам пул сарфлашни режалаштирган.
51 ёшдан юқори респондентларда эса асосий йўналишлар уй-жой таъмири ва даволаниш бўлиб қолмоқда. Бу гуруҳда тўй харажатлари ҳам нисбатан юқори. Саёҳат, автомобил ва электрон қурилмаларга харажат қилиш истаги эса ёшлар билан таққослаганда пастроқ.
Умуман олганда, Марказий банк сўровига кўра, аҳоли яқин ойлар учун уй-жой таъмири, таълим, даволаниш, тўй ва автомобил харажатларини оширишни режалаштирмоқда.
Аҳолининг 76 фоизи харажатлари ошишини кутмоқда
Харажатлар субиндекси II чоракда 77,2 бандни ташкил этди. Бу I чоракка нисбатан 0,9 бандга паст, бироқ ҳали ҳам юқори даража ҳисобланади.
Сўровда қатнашганларнинг 76 фоизи келгусида харажатлари ошишини кутган. Бир йил аввал, 2025 йил II чорагида бу кўрсаткич 77 фоиз эди.
Қизиқ жиҳати шундаки, даромади 5–7 млн ва 7–10 млн сўм бўлган респондентлар харажатлари ошишини кўпроқ кутмоқда.
Даромади 15 млн сўмдан юқори бўлган айрим гуруҳларда эса аксинча, келгуси ойларда харажатларни камайтириш кутилмоқда.
Марказий банк буни ўрта даромадли аҳолида харажатлар бўйича фаоллик юқорироқ, юқори даромадли айрим гуруҳларда эса эҳтиёткорлик кучлироқ эканининг белгиси сифатида баҳолаган.
Даромадлар бўйича ҳам оптимизм сақланмоқда
Даромадлар субиндекси II чоракда 71,3 бандни ташкил этди. Бу I чоракка нисбатан 1,5 бандга паст бўлса-да, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан юқорилигича қолган.
Респондентларнинг:
66 фоизи даромадлари ошишини;
25 фоизи даромадлари ўзгармаслигини;
9 фоизи эса даромадлари камайишини кутмоқда.
I чоракда даромадлари ошишини кутганлар улуши 68 фоиз эди.
Энг юқори оптимизм 20 млн сўмдан ортиқ даромадга эга аҳолида кузатилган — ушбу гуруҳнинг 81 фоизи даромадлари ошишини кутмоқда.
Бироқ даромади 3 млн сўмгача бўлганлар орасида даромадлари камайишини кутаётганлар улуши нисбатан юқори. Марказий банк бундай ҳолат ушбу гуруҳнинг кундалик харажатлари ва харид имкониятларига кўпроқ таъсир қилиши мумкинлигини қайд этган.
Шарҳнинг яна бир муҳим жиҳати — кредит ва жамғаришга бўлган талабнинг бир вақтда юқори бўлиб қолаётгани.
II чоракда кредит субиндекси 65,3 бандни ташкил этди. Бу I чоракка нисбатан атиги 0,2 бандга паст. Айниқса, 3–10 млн сўм даромадга эга аҳолида кредитга эҳтиёж юқори: ушбу гуруҳнинг 57–59 фоизи келгусида кредитга эҳтиёжи ошишини кутмоқда.
Кредит маблағларини аҳолининг асосий қисми уй-жой таъмири, таълим, бошқа эҳтиёжлар, тўй, автомобил ва даволаниш учун ишлатишни режалаштирмоқда. Демак, кредитга талаб фақат кундалик истеъмол билан чекланмай, йирик харидлар ва узоқ муддатли харажатлар билан ҳам боғлиқ.
Шу билан бирга, жамғариш субиндекси ҳам 69,2 бандни ташкил этди. Бу I чоракка нисбатан 1,4 бандга паст бўлса-да, 2025 йил II чорагига нисбатан қарийб 1 бандга юқори.
Бироқ бу ерда муҳим қарама-қаршилик бор: респондентларнинг 46,4 фоизи келгуси давр учун умуман жамғармаси йўқлигини билдирган. Марказий банк буни аҳолининг қарийб ярмида кутилмаган харажатларни қоплаш ёки даромаддаги ўзгаришларга мослашиш имкониятлари чекланганини кўрсатувчи омил сифатида баҳолаган.
Асосий респондентлар молиявий ҳолат яхшиланганини айтган
II чоракда респондентларнинг 58,6 фоизи молиявий ҳолати яхшиланганини билдирган. I чоракда бу кўрсаткич 58 фоиз эди.
Бу кўрсаткичлар аҳолининг катта қисми ўз молиявий аҳволини ижобий баҳолаётганини кўрсатади.
Истеъмол кайфияти фақат шахсий даромад ва харажатлар билан чекланмайди. Марказий банк аҳолининг мамлакат иқтисодиёти бўйича кутилмаларини ҳам ўрганган.
Келгуси 12 ойда:
66,6 фоиз респондент иқтисодий вазият яхшиланишини;
25,3 фоизи ўзгармаслигини;
8,1 фоизи эса ёмонлашишини кутмоқда.
Уч йиллик истиқболда оптимизм янада юқори: респондентларнинг 77 фоизи мамлакат иқтисодиёти яхшиланишини кутмоқда. I чоракда бу кўрсаткич 78 фоиз эди.
Иқтисодий вазият ёмонлашишини кутаётганлар улуши эса чорак давомида 1 фоиз бандга камайиб, 5 фоизни ташкил этди.