DW хабарига кўра, Анна Виктория Политковская 5 октябр куни Страсбургда, бувиси хотирасига бағишланган тадбирда европарламент депутатларига мурожаат қилган. Учрашув Анна Политковская ўлдирилганининг 20 йиллиги муносабати билан ташкил этилган.
Унинг таъкидлашича, Россияда хавфсиз қолиш имконияти бўлмаган инсон ёрдам сўраб мурожаат қилиши, қисқа вақтда жавоб олиши ва хавфсиз жойга чиқиб кетиши учун амалий йўл бўлиши керак.
«Бундай инсон ўзининг ҳимояга муҳтожлигини ҳаёти эвазига исботлашга мажбур бўлмаслиги керак», — деган Политковская.
У мурожаати давомида Шимолий Кавказда улғайган яқин дўсти Сашанинг тақдирини мисол келтирган. Политковскаянинг айтишича, Саша оиласи ва атрофидагиларнинг салбий муносабатига дуч келган, 16 ёшида эса жинсий зўравонликни бошдан кечирган.
Саша Россияда ўзи учун хавфсиз келажак кўрмаган ва мамлакатдан кетишни истаган. Бироқ хорижда ўқиш учун ҳужжатлар, маблағ ва университетга кириш имконияти керак бўлган. Ҳимоя сўраш учун эса, аввало, бундай ёрдам олиш мумкин бўлган мамлакатга етиб бориши лозим эди.
Политковскаянинг сўзларига кўра, бувиси бир вақтлар Сашанинг отаси ҳаётини сақлаб қолган. Кейинчалик унинг ўғли ёрдамга муҳтож бўлганида, зарур кўмакни ола олмаган. Саша ўз жонига қасд қилган.
«Сизнинг ёрдамингиз билан кейинги Саша тирик қолиши мумкин», — дея мурожаат қилган у депутатларга.
Тадбирда БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова ҳам сўзга чиққан. Унинг баҳосича, Анна Политковская Чеченистон ҳақидаги материалларида ёритган репрессиялар эндиликда бутун Россияга тарқалган.
Кацарова сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиш оммавий тус олганини, қийноқлар кенг ва тизимли қўлланаётганини айтган. Унинг таъкидлашича, хориждаги ҳукумат танқидчилари ҳам жиноят ишлари, сиртдан чиқарилган ҳукмлар, молиявий чекловлар ва Россия ҳокимияти манфаатларида ҳаракат қилувчи шахслар орқали босимга учрамоқда.
«Новая газета Европа» бош муҳаррири Кирилл Мартинов эса Европани Украинага ёрдамни оширишга чақирган. У Чеченистондаги уруш билан Россиянинг Украинага босқини ўртасида бевосита боғлиқлик борлигини таъкидлаган.
Мартинов Политковскаянинг ўлдирилиши бўйича судланган Сергей Хаджикурбанов Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, Украинага қарши урушга кетганини эслатган. Шунингдек, Европа сиёсатчилари журналистнинг огоҳлантиришларига қулоқ солмагани ва унинг ўлимидан кейин ҳам Россия билан арзон газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузишда давом этганини танқид қилган.








