Доналдсон – YouTube'даги 500 миллиондан ортиқ обуначиси билан видеохостингдаги энг машҳур блогер ҳисобланади.
MrBeast ўзининг катта маблағ сарфланадиган, мураккаб саҳна ижролари ва катта соврин жамғармаларига эга кенг кўламли видео лойиҳалари билан танилган. У минглаб одамларни видео контент ишлаб чиқаришга жалб қилади, унинг викториналари мусобақалар ва ўйинларни томошабоп шоуларга айлантиради.
Унинг каналларидан бири “Beast Philantrophy” очликка қарши курашиш, тоза сувдан фойдаланиш, тиббий ёрдам, бутун дунё бўйлаб болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ва экологик ташаббусларга қаратилган хайрия лойиҳаларига бағишланган.
Тошкентда Жимми Доналдсон билан учрашишни истовчилар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси расмий сайтида рўйхатдан ўтиши керак, рўйхатдан ўтганлар орасидан бир гуруҳи тасодифий сонлар генератори ёрдамида танланади. Учрашув 9 октябр куни бўлиб ўтади ва интерфаол ўйинлар, жумладан, кам маълум бўлган фактлар билимдонлиги учун тривиал викториналар шаклида ўтказилади. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилади.
Жамғарманинг қайд этишича, дунёдаги энг машҳур рақамли контент муаллифининг ташрифи Ўзбекистоннинг ёш аҳолиси орасида YouTube ҳамжамиятини ривожлантиришга кучли туртки беради. Учрашув ўзбек ижодкорларининг жаҳон медиа маконига интеграциялашувига ҳисса қўшади, маҳаллий ижодкорларни кенг кўламли ва жўшқин лойиҳалар яратишга илҳомлантиради, минтақавий YouTube сегментида видео ишлаб чиқариш ва сценарийлар сифатини оширади ҳамда блогингни брендлар ва сармоядорлар учун жиддий бизнес сифатида намоён этади.
Учрашувда иштирок этишни хоҳловчилар фақат Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси расмий сайти орқали рўйхатга олинади, бошқа каналлар орқали тадбирга киришни таклиф қилувчи ҳар қандай ҳаволалар, ютуқли ўйинлар ёки ҳисобларни, жумладан, ўзини MrBeast ёки унинг вакиллари деб таништирувчи ҳисобларни эътиборсиз қолдириш тавсия этилади.
Иштирокчилар 18 ёшдан катта бўлиши керак. Такрорий ёки автоматик аризалар саралашдан четлаштирилади. Иштирокчилар талабларга жавоб берадиган барча аризалар орасидан тасодифий равишда танлаб олинади.
Танланган иштирокчилар билан Жамғарма якка тартибда ва сир сақлаш шарти билан боғланади ва фақат уларга тадбирнинг санаси ва жойи ҳақида хабар берилади. Уларнинг исм-шарифлари эълон қилинмайди.








