Жорий йилнинг 21 август куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида Миллий кенгаш тўғрисидаги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар тўғрисида низомлар тасдиқланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Kun.uz'га тақдим қилган Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши томонидан қабул қилинадиган қарорлар тегишли ҳудуддаги барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурий деб белгиланган.
Шунингдек, Аксилкоррупция агентлиги ҳудудий кенгашларнинг таъсис мажлисларида вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг раислари этиб тасдиқланганини маълум қилган.

Kun.uz билан суҳбатлашган агентлик вакили ҳудудий кенгаш аъзоларининг тасдиқланган намунавий таркибида халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашлари раислари Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг раиси сифатида кўрсатилганини билдирди. Шу сабабли таъсис мажлисларида маҳаллий кенгашларнинг раҳбарлари ҳисобланган вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашда ҳам раис сифатида таништирилган. Шунингдек, ушбу намунавий таркибга вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, нодавлат нотижорат ташкилоти, ОАВ вакиллари, тадбиркорлар ва фаҳрийлар ҳам киритилган.
Агентлик расмийси, шунингдек, келгусида ҳокимлар маҳаллий Кенгаш раислигидан чиқариб юборилиши назарда тутилганини билдирди. Шундан сўнг, маҳаллий кенгаш раислигига келган шахс Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашига ҳам раиси этиб тасдиқланади.
Ҳудудий кенгаш Ўзбекистон қонунлари ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши қарорлари асосида фаолият юритади. Унга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари амалга оширилишини таъминлаш, соҳадаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, коррупция ҳолати ва тенденцияларига доир ахборотни йиғиш ва таҳлил қилиш, аксилкоррупция чоралари бўйича мониторинг ҳамда соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш каби бир қанча вазифалар юклатилган.











