Ўзбекистон Кубогининг 1/4 финали доирасида Жиззахда бўлиб ўтган ўйинда «Сўғдиёна» «Насаф»ни қабул қилди. 

Учрашув мезбонларнинг 0:1 ҳисобидаги мағлубияти билан тугади, ўйиндаги ягона гол 54-дақиқада «Насаф» вакили Шоҳмалик Комилов томонидан пенальтидан урилди ва қаршиликлар ушбу учрашув натижасига кўра (чоракфинал бир ўйиндан иборат) яримфиналга йўл олди.

Ўйин асабий руҳда кечди, бош ҳакам жами 11 футболчига сариқ карточка кўрсатди.

Ўйиннинг охирги дақиқалари асабий руҳда кечди, 90-дақиқада майдон марказида «Насаф» ҳимоячиси ва клуб сардори Умар Эшмуродов «Сўғдиёна» ҳужумчиси Баҳодир Насимовни боши билан зарба бериб, йиқитди. Аммо бу вазиятни бош ҳакам Илгиз Танташев эътиборсиз қолдирди. Ўйинда VAR йўқ эди, акс ҳолда қаршиликлар ҳимоячиси қизил карточкага лойиқ топилиши мумкин эди. 

Айнан шу ҳолат ўйин якунлангач, оммавий тартибсизликка сабаб бўлди. Эшмуродов, шунингдек, жиззахликлар клуби бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан тортишиб қолган. Шундан сўнг маҳаллий мухлислар стадион туннелига кираётган Эшмуродовга қарата турли буюмларни улоқтирган. Тартибни сақлаш ходимлари орани очиқ қилишга ўтган футболчиларни ажратишга уринган. 

Видеоларда келишмовчилик стадион туннелида ҳам давом этганини кўриш мумкин.

«Эшмуродов ва Насимов ўртасида келишмовчилик аввал ҳам бўлган»

Ўйиндан кейин дастлаб қаршиликлар жамоаси устози Рўзиқул Бердиев журналистлар саволларига жавоб қайтарди. У можаронинг асосий иштирокчилари - Умар Эшмуродов ва Баҳодир Насимов ўртасида аввалдан келишмовчилик бўлгани ҳақида айтди.

«Сўғдиёна» ўзи курашувчан жамоа, рақибга ҳам кураш таклиф қилади. Бугун футболчиларга курашларда ютқазмаслик ҳақида кўрсатма берилганди. Ўйин давомида тартибли ҳаракат қилдик. Айнан шунинг эвазига ютдик, деб ўйлайман.