Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида навбатдаги ҳакамлик можароси авж олмоқда. ЎзПФЛ ижроия қўмитаси навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовга тегишли ҳолатлар юзасидан расман шикоят киритишга қарор қилди.
Ўзи нима бўлди?
8 апрел куни Ўзбекистон чемпионатининг 6-тури доирасида «Насаф» Қўқонда мезбонларга қарши майдонга тушиб, ўйин охирларида пеналтидан ўтказиб юборилган гол туфайли ғалабани қўлдан чиқарди (1:1).
78-дақиқада рўй берган эпизодда «Қўқон-1912» клуби ҳужумчиси Силванус Нимели рақиб жарима майдони ичида дарвозабон Абдувоҳид Неъматов билан контактдан кейин йиқилган.
Ўйинни бошқарган Рустам Лутфуллин бу ҳолатда қоида бузилмаган деб ҳисоблаган ва тўпни меҳмонлар ўйинга киритиши кераклигини кўрсатган. Аммо шундан кейин вазиятга VAR хонасида ўтирган видеоҳакам Иброҳим Исмоилов аралашган ва бош ҳакам монитор қаршисига бориб, узоқ чўзилган текширувдан кейин қарорини ўзгартирган ҳамда 11 метрлик нуқтани кўрсатган.
Ҳолбуки бу вазият видеосида Неъматов тўпга биринчи бўлиб улгургани ва унинг йўналишини ўзгартиргани, шундан кейингина қўқонликлар ҳужумчиси унга келиб урилганини кўриш мумкин.


«Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳамда жамоа футболчилари бу қарордан норози бўлиб, ҳакамга кескин оҳангда эътироз билдиришган, натижада Бердиевга қизил карточка кўрсатилган.

У эса жамоасини майдондан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган ва ўйин маълум вақт тўхтаб қолган.

Ўйин давом эттирилгач, белгиланган пеналтини Тома Табатадзе аниқ ижро этди ва ҳисобни тенглаштиради. Қаршиликлар жамоаси эса очко йўқотиш туфайли турнир жадвалида 6-ўринга тушиб кетди.
Ўйиндан кейин ЎФА қошидаги Эксперт ҳакамлар гуруҳи баҳсли вазият юзасидан хулоса бериб, VAR ҳаками томонидан ушбу вазиятга аралашувни, шунингдек, бош ҳакам Рустам Лутфуллин томонидан пеналти белгилаш қарорини хато деб топди.
Журналист Олимхўжа Бўронов ўз-телеграм каналида агар ҳакамлар очиқчасига «Насаф»дан 2 очкони тортиб олгани исботланса, баҳсли вазиятда ҳакамга ўз эътирози билдириши ортидан сариқ карточка олган Умарбек Эшмуродов ва Ғолиб Ғайбуллаев ҳамда қизил карточка олган Рўзиқул Бердиевдан мазкур интизомий чораларни бекор қилиш кераклигини








