Навбаҳор туманидаги Сармишсой дараси ўзининг петроглифлари билан машҳур. Узунлиги 2,5 км.га чўзилган дарада минглаб петроглифларни кўриш мумкин.
Мутахассисларга кўра, қоялардаги суратлар 7-9 минг йиллик тарихга эга.

Суратларда турли маросимлар, ов тасвирлари, кийик, архар, туялар, ёввойи буқалар, отлар ва ҳатто ўзга сайёраликлар акс этган.



Қоялардаги суратлар қачонлардир бу ерда инсонлар истиқомат қилиб, чорвачилик, деҳқончилик билан машғул бўлганидан дарак беради. Очиқ осмон остидаги санъат галереяси дея эътироф этиладиган дарада 10 мингдан ортиқ сурат борлиги тасдиқланган.
Ҳар бир сурат ўз маъносига эга ва томошабинга олис тарихдан маълумотлар беради.

“Сармишсой дараси жуда узоқ даврни ўз ичига олгани учун ҳам сир-синоатларга тўла. Масалан, ушбу қоятошда югуриб бораётган 5 та образ берилган. Ушбу образлар қадди-қомати бир томондан одамга яқинроқ, иккинчи томондан инсондан фарқли томонлари ҳам бор.
Ўзбекистон олимларидан ташқари, дунё олимлари ҳам бу ерга ташриф буюрган ва мана шу суратларни кўрганда, бу ўзга сайёраликларнинг образи, деган тўхтамга келишган. Дунёнинг бошқа ҳудудида ўзга сайёраликлар тасвирланган бу каби суратларни кўрмадик, балки тасвирларда шаманлар ифодаланган бўлса керак, дея фикр билдирган олимларимиз ҳам бор.






















