Афсонанинг қайтиши

Хавининг «Барселона» бош мураббийлигидаги илк ҳафтаси ахборий бомбалар билан кечди ва ҳафта якунида Дани Алвеснинг «Камп Ноу»га қайтиши эълон қилинди. Маоши тўланмагани учун «Сан-Паулу» билан шартномасини бекор қилган фахрий футболчи ўз хизматини каталонияликларга таклиф этаётгани ҳақида анчадан бери хабарлар тарқаётганди, аммо бу таклиф қўллаб-қувватлангани барибир кўпчиликни ҳайрон қолдирди. «Барселона»да авлодлар алмашинуви кечаётган даврда 38 ёшли ҳимоячи таркибга қайтарилиши тушунарсиз ҳол эди.

Қолаверса, ватанида афсонавий ҳимоячининг танқидчилари етарлича эди, қатор экспертлар ҳам унинг ўнг қанот ҳимоячисидан таянч яримҳимоячисига айланиши хато бўлганини таъкидлашарди. Хатоликлар бўлгани шубҳасиз, аммо ушбу бразилиялик — уникал футболчи. Агар жароҳатлар бўлмаганида, у ёзда Америка Кубогида қатнашган бўларди, аммо у Токио Олимпиадасида қатнашиб, 43-бор соврин ютди ва футбол тарихидаги энг совриндор футболчи сифатидаги мақомини мустаҳкамлади.

Роналд Куманга у керак эмасди, аммо контактлар узилмади ва каталонияликлар президенти Жоан Лапорта Алвес учун клуб тузилмасида жой ахтара бошлади. Бразилиялик эса бошқа нарсани орзу қилишда давом этар ва Instagram саҳифасида шундай ёзди: «Мен бу рўй бериши учун беш йил давомида ақлдан озгандек ҳаракат қилдим. Қайтиш шунчалар қийин бўлади ва кўп вақт олади деб ўйламагандим. Аммо менинг юрагим бу кун келишини ҳис қилади. Мен ҳеч қачон қалбимдан кетмаган жойга қайтаман».

Алвес фақат январь ойида майдонга тушиши мумкин. Аммо бу ғолиб футболчи жамоада доимий яхши муҳит яратиш учун ҳам ҳозир олиб келинди. Бразилиялик футболчи нафақат жангчи ва клуб анъаналари қўриқчиларидан бири, балки позитив яратиш бўйича мутахассис ҳам ҳисобланади. Испаниядаги нашрлар ёзишича, Хавига собиқ жамоадошининг барча хусусиятлари керак  бўлган ва шу туфайли нафақат Алвеснинг ўзи, балки «Барселона» ҳам уни қайтариш учун бор имкониятларни ишга солди - маошлар учун ўрнатилган чегара туфайли «1+1» схемасидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун ла лига билан кураш олиб борди. Афтидан, кўк-анорранглилар амалдорларни қишки трансферлар даричаси очилгач, клубнинг тўловлар ведомостини енгиллаштиришларига ишонтиришди ва собиқ юлдузининг шартномасини рўйхатдан ўтказди. 

Ғалаба ҳиди

ФИФА кунлари учун танаффус якунланиб, чемпионатларда навбатдаги турлар бошланиши арафасида Алвеснинг тақдимоти ўтказилди. У бу маросимни ҳам ҳақиқий шоуга айлантириб, майдон газонини ҳидлади ва ундан совринлар ҳиди келаётганини айтди. У клубда Андрес Иньестанинг рақамида (8) ўйнайди ва унинг йиллик маоши миқдори ла лига қоидалари имкон берадиган минимал миқдорда бўлади - йилига 155 минг евро.