Ўзбекистон | 15:40 / 24.11.2021
31182
2 дақиқада ўқилади

Ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархи арзонлашмаётганига изоҳ берилди

Антимонопол қўмитасига кўра, ёнилғи қуйиш шохобчалари илгари сотиб олган қиммат нархдаги бензин захиралари ҳисобига юқори чакана нархлар сақланиб қолмоқда.

Фото: ТАСС

23 ноябрь куни биржа савдоларида жами 4 минг 196 тонна АИ-80 маркали бензин қўйилган бўлса шундан 3741 тонна ёки 89 фоизи сотилган.

АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 млн 129 минг сўмдан 8 млн 444 минг сўмгача пасайиб, 17 фоизга арзонлашган. Аммо бу ҳолат аксарият ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги нархларга таъсир қилаётгани йўқ.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг изоҳлашича, ёнилғи қуйиш шохобчалари илгари сотиб олган қиммат нархдаги бензин захиралари ҳисобига юқори чакана нархлар сақланиб қолмоқда.

Қўшимча қилинишича, 2-3 ой давомида шаклланган маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган АИ-80 бензиннинг баланд нархларига таъсир кўрсатиш учун фақат бозор механизмлари қўлланмоқда, яъни таклифга таъсир кўрсатиш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш, бу чораларнинг самара бериши ва нархларнинг барқарорлашиши учун маълум вақт талаб қилинади. Шу билан бирга, импорт бензиннинг нархлари жаҳон бозорлари конъюнктурасига боғлиқлиги омили сақланиб қолмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 16-22 ноябр кунлари биржада пасайиб борган нархларда харид қилинган 20 760 тонна маҳсулотдан 3 409 тонна ёки 16 фоизи чакана тармоққача етиб борган.

Бунда, маҳсулот биржа савдоларида сотилгандан кейин заводдан чакана савдогача етиб бориш муддатларини (15 кунгача сарфланиши мумкин) ҳам инобатга олиш муҳимлиги айтиб ўтилган.

Мавзуга оид