Ўзэнергоинспекция раҳбарияти 4 ноябр кунги матбуот анжуманида ёнилғи сифати устидан назорат тадбирлари ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва корхоналардан олинган намуналар таҳлилида 330 та ҳолатда нефт маҳсулотлари сифатсиз экани аниқланган. Натижада жами 7823 тонна сифатсиз маҳсулотнинг сотувга чиқарилиши тўхтатилган. Бу ҳажм фақат бензинни эмас, барча аниқланган сифатсиз нефт маҳсулотларини қамраб олади.

Анжуманда айнан қайси маркадаги бензинларда сифатсизлик ҳолатлари кузатилаётгани сўралди.

“АИ-92 билан АИ-95. Умумий 330 та ҳолатнинг 240 тасини шохобчаларда бензин билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этган”, — дея жавоб берди инспекция вакили Дилшод Якубов.

Бироқ сифатсиз деб топилган бензиннинг алоҳида ҳажми, унинг қайси сифат кўрсаткичлари талабларга жавоб бермагани ҳамда АИ-92 ва АИ-95 маркалари бўйича тақсимоти очиқланмади.

Инспекция вакилининг билдиришича, намуналар ташкилотнинг ўз лабораториясида, шунингдек, тегишли аккредитациядан ўтган бошқа лабораторияларда текширилиши мумкин.

Анжуманда сифатсиз ёқилғи сотган шохобчаларга қандай чоралар кўрилгани ва ҳайдовчиларга етказилган зарар баҳоланиши ҳақида ҳам савол берилди. Бироқ жавобда бу масалалар бўйича аниқ маълумот келтирилмади.

Kun.uz аввалроқ бензин сифатидан шубҳаланган истеъмолчилар харид чекини сақлаб, шохобча номи ва манзилини кўрсатган ҳолда Ўзэнергоинспекцияга мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Автомобил двигателидаги носозлик сифатсиз ёнилғи билан боғлиқ деб ҳисобланса, техник хизмат кўрсатиш шохобчасининг расмий хулосаси ҳам талаб этилади.