Калуга вилояти губернатори Владислав Шапша 22 сентябр куни маълум қилишича, ҳудудда бензин «жуфт-тоқ» тартибида сотилади. Ҳайдовчилар автомобил давлат рақамининг биринчи рақамига қараб жуфт ёки тоқ санали кунларда ёнилғи қуйиши мумкин бўлади. Бензин фақат машинанинг бакига қуйилади.
Шапшага кўра, айрим автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига бензин етказиб беришда маҳаллий логистика узилишлари кузатилмоқда ва навбатлар яна пайдо бўлган. У бу ҳолат аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётганини айтди.
Калуга вилоятида «жуфт-тоқ» тартиби аввал 15 августда жорий этилган, 1 сентябрдан эса бекор қилинган эди.
Байкалорти ўлкаси тезкор штаби ҳам 23 сентябрдан «БРК» ва «Корс» тармоқларига қарашли АЁҚШда АИ-92 ва АИ-95 бензини бир машинага кўпи билан 15 литрдан сотилишини маълум қилди.
Ўлка ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Буянто Батомункуевга кўра, АЁҚШ ва нефт базаларида жами 17 минг тонна ёнилғи қолган. Унинг айтишича, ҳозирги сотиш суръати сақланса, бу захира 20 кунга етади. Байкалортида шунга ўхшаш чекловлар июн ойида ҳам амал қилган ва 23 июлда бекор қилинган эди.
DW хабарига кўра, жорий ёзда Россиянинг деярли барча ҳудудларида, шунингдек, қўшиб олинган Қримда ёнилғи сотишга турли чекловлар қўйилган. Уларни айрим жойларда маҳаллий ҳокимиятлар, бошқа жойларда эса АЁҚШ тармоқларининг ўзи жорий этган. Таъминотдаги муаммолар ортидан Россия президенти Владимир Путин 28 июнда бозорни барқарорлаштириш бўйича тизимли чоралар кўришни топширган.
Россия нефтни қайта ишлаш заводларига Украинанинг дрон ҳужумлари оқибатида айрим корхоналар ишлаб чиқаришни қисқартиришга ёки тўхтатишга мажбур бўлган. Кейинчалик бир қатор чекловлар олиб ташланган, аммо август бошидан заводларга ҳужумлар кучайиши ортидан ёқилғи таъминотидаги муаммолар яна авж олган.
«Новая газета Европа» gdebenzin сервиси маълумотларига таяниб хабар беришича, сентябр ўрталарига келиб Россияда деярли ҳар икки АЁҚШдан бирида бензин бўлмаган.

















