Ўзбекистон | 10:39 / 08.12.2021
1448
2 дақиқада ўқилади

Бойсун тумани ҳокимлиги балансида бўлган Captiva-2 туман прокуратурасига берилгани рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Бойсун тумани ҳокимияти балансида бўлган Captiva-2 машинаси туман прокуратурасига ўтказиб берилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.

Баёнотда ёзилишича, Бойсун тумани ҳокимияти балансида бўлган, 2013 йилда ишлаб чиқарилган Captiva-2 машинаси оператив бошқарув ҳуқуқи билан туман прокуратурасига ўтказиб берилган.

«Бойсун тумани прокуратурасига хизматда фойдаланиш учун ушбу русумдаги транспорт воситаси бириктирилмаган. Сурхондарё вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқлар орқали ёлғон хабар тарқатганлик учун қонунчиликда жавобгарлик белгилангани ҳақида яна бир бор эслатади», дейилади расмий баёнотда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрел куни қабул қилган 258-сонли қарори билан давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларда фаолият юритувчи мансабдорлар хизмат машинасини янгисига алмаштириши ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларга ўтказиб беришига чеклов белгиланган. Қарорга кўра, давлат хизматчисига берилган автомобил камида 5 йил фойдаланилгандан кейингина сотилиши ёки бошқа ташкилотга ўтказиб берилиши мумкин (фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган автотранспорт воситалари бундан мустасно). Бунда автотранспорт воситасининг техник ҳолати ҳамда ундан фойдаланиш хавфсизлиги инобатга олинади. Шунингдек, қарорда туман ва шаҳар ҳокимлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи – БҲМнинг 1000 баравари (ҳозир 270 миллион сўм)дан ошмаслиги айтилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид