18 июлга ўтар кечаси Украина Россиядаги Wildberries маркетплейсининг иккита омборига ҳужум қилди – бу омборларда дронлар учун эҳтиёт қисмлар сақлангани билан изоҳланган. Зарбалар оқибатида саккиз киши ҳалок бўлиб, 80 дан ортиқ киши жароҳат олган. Омборларга ва уларда сақланган маҳсулотларга етказилган зарар миқдори ҳозирча номаълум – буни ҳисоблаб чиқишга камида бир ой вақт кетади. Аммо Forbes (шунингдек, «Коммерсант» ва «Ведомости») экспертларга таяниб, Wildberries ва унинг сотувчилари қанча йўқотганини баҳолашга ҳаракат қилди. Хулоса шундай: сотувчилар кўрган зарар маркетплейснинг ўзи кўрган зарардан анча кўп, платформадан тўлиқ компенсация олиш имконияти эса жуда кам.

Wildberries қанча йўқотган бўлиши мумкин?

Компаниянинг Москва области Электростал шаҳридаги омбори (250 минг квадрат метр майдонни эгаллаган бу омбор Wildberries’нинг энг йирик логистик маркази эди), шунингдек, Тамбов области Котовск шаҳридаги омбори (108 минг квадрат метр майдонга эга, ўтган йили очилган) Украина қуролли кучлари зарбаси остида қолди.

Экспертларнинг баҳолашича, Электростал ва Котовскдаги омборлар Wildberries омбор майдонларининг 6,5 фоизидан 9 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Бу майдонлар вайрон қилиниши маркетплейс фаолиятини фалаж аҳволга солиб қўймайди, аммо унинг логистик тармоғига юкламани ошириши мумкин. Шу билан бирга, харидорлар учун етказиб бериш муддатлари анча кечикиб кетиши даргумон:  Wildberries кўплаб саралаш марказларига эга ва бу йўналишларни тезда қайта кўриб чиқиш имконини беради.

«Коммерсант» ва Forbes манбаларининг ҳисоб-китобларига кўра, омборларнинг ҳар бир квадрат метрини тиклаш харажати 60 мингдан 100 минг рублгача тушиши мумкин, бу эса жами харажат 22 миллиарддан 36 миллиард рублгача бўлишини англатади. Таққослаш учун: Wildberries’нинг 2025 йилдаги соф даромади 175 миллиард рублни ташкил этган.

Ёниб кетган омборлар учун суғурта расмийлаштирилгани аниқ эмас. Бозордагилар айтишича, Wildberries одатда ўз объектларини суғурталамайди. Аммо компания суғуртасиз ҳам зарарни мустақил равишда бартараф эта олади – айниқса Электростал ва Котовскдаги омборларга қилинган ҳужумлар логистика жараёнларининг жиддий ва узоқ муддатли бузилишига олиб келмаса.

Афтидан, Wildberries ишдан чиққан омборларини имкон қадар тезроқ қайта ишга туширишга интилмоқда – Котовскдаги омбор (у ерда ёнғин оқибатида етти киши ҳалок бўлган, аммо ёнғин тезроқ ўчирилган) 23 июлдаёқ, яъни ҳужумдан беш кун ўтиб фаолиятини тиклайди. Электросталдаги омбор қайта очилиши ҳозирча номаълум. Бу омбордаги ёнғин фақат 21 июлга келиб тўлиқ ўчирилди.