Тошкент, 2026 йил 21 июль, HUMO миллий тўлов тизими Александр Евгеньевич Сотниковнинг компаниянинг бошқарув раиси лавозимига тайинланганини маълум қилади.

Ушбу тайинлов HUMO’нинг стратегик трансформация ва ривожланиш жараёнининг мантиқий давоми бўлди. 2026 йил май ойида Александр Сотников компания жамоасига бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида қўшилган бўлиб, у ерда фаолиятнинг асосий йўналишларини бошқарган ва миллий тўлов инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган стратегик ташаббусларни амалга оширган.

Александр Сотников — тўлов технологиялари, рақамли банкинг ва миллий тўлов тизимларини ривожлантириш соҳасида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга таниқли мутахассисдир.

HUMO’га аъзо бўлгунга қадар Александр Сотников Беларусь Республикасининг банк ва тўлов секторида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. У мамлакатдаги энг йирик процессинг маркази ва "BELKART" миллий тўлов тизими оператори бўлган "Банк процессинг маркази" ОАЖни бошқарган, "Белгазпромбанк" бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида хизмат қилган, шунингдек, Беларусь Республикаси Миллий банкида фаолият юритган, у ерда миллий тўлов инфратузилмасини ривожлантириш ва молия секторини рақамли трансформация қилиш, жумладан, замонавий рақамли тўлов хизматларини жорий этиш лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этган.

«HUMO жамоасига қўшилиш қарорини қабул қилишда асосий омиллардан бири компаниянинг улкан мақсадлари ва технологик етакчиликка интилиши бўлди. Тизимлараро интеграцияларини ривожлантириш истиқболлари, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ва HUMO’нинг халқаро мавқеини янада мустаҳкамлаш мен учун алоҳида қизиқиш уйғотади. Бу тўпланган тажрибани янги бозорда қўллаш ва минтақанинг энг фаол ривожланаётган тўлов экотизимларидан бирини ривожлантиришга ҳисса қўшиш имкониятидир», — деди Александр Сотников.

Александр Сотников раҳбарлигида HUMO замонавий тўлов экотизимини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор технологик ечимларни жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги миллионлаб фойдаланувчилар, банклар ва корхоналар учун инновацион молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган фаолиятини давом эттиради.

Компания Бахадиров Улуғбек Хожитураевичга HUMO’ни ривожлантириш ва миллий тўлов тизимининг мавқеини мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун миннатдорлик билдиради.

Бахадиров У.Х. раҳбарлигида HUMO мамлакат тўлов инфратузилмасини модернизация қилиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор стратегик муҳим ташаббусларни амалга оширди. Бу даврда компания ҳамкорлик экотизимини сезиларли даражада кенгайтирди, технологик ваколатларини мустаҳкамлади ва миллий финтех инфратузилмасини янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Александр Сотниковнинг ушбу лавозимга тайинланиши HUMO компаниясининг миллий тўлов тизимини ривожлантириш ва унинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш борасидаги узоқ муддатли стратегиясининг бир қисмидир. Келгуси ривожланишнинг асосий йўналишлари қаторига халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, тизимлараро интеграцияларни такомиллаштириш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда хизматларидан нафақат Ўзбекистонда, балки унинг ташқарисида ҳам фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

HUMO ҳақида

HUMO — Ўзбекистон Республикасининг миллий тўлов тизими ва мамлакат молиявий инфратузилмасининг муҳим элементларидан бири. Компания банклар, бизнес ва миллионлаб фойдаланувчиларни бирлаштириб, миллий ва халқаро тўлов бозори учун замонавий тўлов технологиялари, рақамли хизматлар ва инновацион ечимларни ривожлантиришни таъминлайди.

Сайт | Facebook | Instagram | Telegram | LinkedIn