07:32 / 20.12.2021
11830

Ҳокимлар ва ҳоким ёрдамчиларига  янги вазифалар юклатилди

Президент томонидан “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларига ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда қуйидаги янги вазифалар юклатилди:

  • томорқа хўжаликлари билан агросаноат кластерлари, тайёрлов, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарни жалб этган ҳолда кооперация алоқаларини ташкил этишга кўмаклашиш;
  • маҳсулот етказиб берувчи ва хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рўйхатини шакллантирган ҳолда, жойларда “тарқатиш ва маҳсулотларни йиғиб олиш бўйича мобиль хизматлар” фаолиятини йўлга қўйиш;
  • “хонадонбай” ишлаш асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити ва ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда томорқа хўжаликларини “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш;
  • ҳар бир маҳаллада кооперация асосида парранда, қуёнчилик, қўй-эчкичилик, асаларичилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларни аниқлаш.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузуридаги фермер хўжаликларида аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича биттадан агроном штати ташкил этилади. Ҳар бир туманда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг масъул ходимларидан иборат хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган доимий лойиҳа офиси ташкил этилади.

“Агробанк” АТБ 2022 йил 1 апрелга қадар жисмоний шахслар учун мўлжалланган, аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини “маркетплейс” усулида сотишни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича онлайн маслаҳатлар кўрсатувчи махсус платформани ишга туширади.

Top