Нима учун доимий равишда тўғри овқатланиш муҳим?

Тўғри овқатланишни узоқ муддатли сармояга қиёслаш мумкин. Агар бугун чипслар ўрнига сабзавотли салат истеъмол қилсангиз, эртага ўзингизни ҳис қилиш борасида катта ўзгаришлар бўлмаслиги мумкин. Бироқ бунга ҳар доим амал қилинса, саломатлик яхшиланади.

Вазн нормаллашади

Ортиқча вазн турли касалликлар ривожланишига олиб келиши мумкин. Патология юзага келиш хавфини аниқлашда оддий сантиметр лентаси ёрдамга келади. Унда бел айланасини ўлчаш керак: нормада аёллар учун у 80 см.дан ортиқ, эркаклар учун эса 94 см.дан ортиқ бўлмаслиги керак. Агар бел айланаси аёлларда 88 см.дан ва эркакларда 102 см.дан ортиқ бўлса, юрак қон-томир касалликларидан эрта ўлим, углевод алмашинуви бузилиши ва саратоннинг айрим турлари хавфи ортиши аниқ.

Рационда таркибида ёғ, шакар ва туз кўп бўлган, шунингдек, энергетик қиймати юқори маҳсулотлар кўп бўлса, ортиқча вазн пайдо бўлиши мумкин. Соғлом овқатланиш ёғли, тезкор углеводлар, зарарли қайла ва егуликларни чеклаш ёки бутунлай истеъмол қилмасликни, натижада вазн камайишини назарда тутади.

Ошқозон-ичак тракти фаолияти яхшиланади

Мувозанатлашган овқатланиш кўкатларни кўп миқдорда истеъмол қилишни кўзда тутади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кунига 400 граммдан кам бўлмаган миқдорда мева ва сабзавот истеъмол қилишни маслаҳат беради. Бу тахминан беш порция дегани. Бу тавсияга амал қилиш учун деярли ҳар овқатланганда мева ва сабзавот истеъмол қилиш зарур.

Кўплаб ўсимликлар таркибидаги клетчатка овқат ҳазм бўлишига ижобий таъсир кўрсатади. Ундаги толалар ошқозонда ҳазм бўлмайди, йўғон ичакка келиб тушади ва фойдали бактериялар учун овқатга айланади. Клетчатка моддалар алмашинувини яхшилаш ва ич қотиш юзага келиши олдини олишда ёрдам беради. Бундан ташқари, ошқозон ичак трактига сут-қатиқ маҳсулотлари ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Агар сизда лактоза етишмовчилиги бўлмаса, ушбу маҳсулотларни ҳам рационга киритиш зарур.

Қувват пайдо бўлади ва уйқу нормаллашади

Агар калория ва нутриентлар бўйича шахсий нормага амал қилинса, организм етарли миқдорда куч олади. Кундалик вазифаларни бажариш ва фаол турмуш кечириш осон бўлади.